Кушербаев Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизлик ҳақида — Сўз эркинлиги жисмоний куч ишлатиш ёки "провокация"га чорлаш дегани эмас

Кушербаев Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизлик ҳақида — Сўз эркинлиги жисмоний куч ишлатиш ёки

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев кеча Тошкент шаҳридаги Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳолат бўйича ўз фикрларини билдирди.

"Афсуски, Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тартибсизлик сўз эркинлиги чегарасини очиқчасига бузиш ва омма ўртасида ихтилоф чиқариш йўлидаги ҳаракат бўлди. Балки айрим яширин кучларнинг мақсадига етиш учун айни муддао бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ ҳозир гап бу ҳақдамас.

Сўз эркинлиги шуки, бунда сиз эшитишни истамаган шахсларнинг фикрига қўшилмасангиз ҳам унга тоқат қилиш ва позициянгизни ғоялар баҳсида ҳимоя қилишдан иборат. Ва бу ҳеч қачон шахсиятга ўтиш ёҳуд «провокация» орқали куч ишлатишга олиб келиши керакмас. Агар бу чегарани бузсангиз, демак сўз эркинлиги сиз учунмас. Айнан шу нуқтада сўз эркинлигининг чегараси тугайди. У ёғи эса қонунан жавобгарликка сабаб бўлувчи тартибсизлик ва ҳақоратга олиб бориши мумкин.

Агарки, жамият буни қабул қилолмаса, демак сўз эркинлиги тушунчасини англаш ва ундан фойдаланишга маънан ҳақли эмас.

ЛГБТ масаласида жамиятнинг аксари фикр орқали ўз позициясини билдирмоқда. Ва табиатан аёл ва эркак сифатида дунёга келиб, табиий равишда умр кечираётган сайловчиларимнинг фикри ҳамда ўзимнинг шахсий қарашларимдан келиб чиқиб мен ҳам бунга ўз муносабатимни билдирдим: ЛГБТ масаласига қаршиман.

Бироқ биз ҳеч бир ҳаракатимизда бунга нисбатан куч ишлатиш ёҳуд тартибсизлик қилишга чақирмадик. Биз ўзимизга ёқмаса ҳам уни мустақил фикр сифатида тоқат қилиб тинглашга бурчлимиз.

Чунки фуқаролик жамиятида фикрлар хилма хил бўлишини табиий қабул қиламиз. Ва буни фуқаролик жамияти шароитидаги жамоатчилик назоратининг муҳим инструменти сифатида биламиз. Бу инстурментга путур етишини истамаймиз.

Бир ҳақиқат аниқ: биз эшитишни истамаган фикр ва қарашлар, муаммоли масалалар ҳеч қачон куч ишлатиш ва тартибсизлик қилиш йўли билан ҳал қилинмайди.

Шу боис, бўлиб ўтган тартибсизликни жамиятнинг онгли аъзоси сифатида ҳеч қачон оқлай олмайман. Ва барчани «оломон жамият» қиёфасини кўрсатмай, муаммоларни босиқлик билан «диалог» орқали ҳал этадиган маданиятли мамлакат фуқаролари сифатида намоён қилишга чақириб қоламан. Биз асли бундай эмасмиз-ку!

Тартибсизлик, «оломонлик» ва «провокация»га йўл қўймайлик!

Тартиббузар ва бунга чорловчи «провокатор»ларга эса қонуний чора кўрилишини сўраб қоламиз" деб ёзади депутат.