Ливияда ҳарбий парад чоғида қирувчи самолёт ҳалокатга учради

Ливияда ҳарбий парад чоғида қирувчи самолёт ҳалокатга учради

Фото: AP Photo

Ливияда мамлакат Миллий армияси қирувчи самолёти ҳалокатга учради, учувчи ҳалок бўлди, деб ёзади «РБК».

Al Jazeera ўз манбаларига таяниб хабар беришича, авария 29 май куни мамлакат шарқидаги Бенгази шаҳрида Ливия миллий армияси бош қўмондони фелдмаршал Халифа Хафтар иштирокидаги ҳарбий парад чоғида содир бўлган. Ennaharonline ёзишича, гап «МиГ-21» қирувчи самолёти ҳақида бормоқда.

«ТАСС»нинг Ливия қуролли кучларидаги манбасига кўра, дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган. «Ҳалокат оқибатида учувчи — бригада генерали Жамол ибн Амир қурбон бўлди. У парадда қатнашаётган аскарларни ўз ҳаёти эвазига қутқариб қолди, агар учувчи самолётни четга олиб чиқмаганида аскарлар билан ҳалокат юз берган бўларди», — деди у.

 

Агентлик ҳамсуҳбати қирувчи самолётнинг моделига аниқлик киритмади.

Ливия етакчиси Муаммар Каддафий 2011 йилда ҳокимиятдан ағдарилиб, қатл қилингач, Ливияда ягона бошқарув органини шакллантириб бўлмади. Натижада қўшҳукумат юзага келди: Фаиз Сарраж раҳбарлигидаги БМТ томонидан тан олинган Миллий келишув ҳукумати ҳамда бош вазир Абдулла Абдураҳмон ат-Тоний Хафтар кўмагида раҳбарлик қилувчи муваққат ҳукумат. Томонлар ўртасидаги зиддият 2019 йил баҳорида, Хафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси Триполига қараб ҳаракатланган чоғида кескинлашди.

Низо ўтган йилнинг октябрига қадар давом этди, шунда Миллий келишув ҳукумати ва Ливия Миллий армиясидан беш нафардан ҳарбийларни ўз ичига олган қўмита аъзолари ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим имзолаган эди. Сўнг февралда ягона ҳукумат ҳамда давлат раҳбари вазифасини бажарувчи президент кенгаши сайланди. 16 март куни Сарраж ўз ваколатларини Абдул Ҳамид Дбайбанинг янги ҳукуматига ва Муҳаммад ал-Манфий раислигидаги президент кенгашига топширди.