Логотип ўғирланганми? Суд «Chanel – Huawei иши»ни ёпди

Логотип ўғирланганми? Суд «Chanel – Huawei иши»ни ёпди

Кийим-кечак ва модалар бизнесида нуфузли ўринга эга «Chanel» бренди тўрт йил илгари Хитой техногиганти «Huawei» компаниясини ўз логотипини ўзлаштиришда айблаб чиққанди. «Ferra.ru» ушбу можаро қандай якун топгани ҳақида ёзмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Huawei» Европа иттифоқининг Интеллектуал мулк ташкилотида (EUIPO) компьютер қурилмаси учун ўз савдо белгисини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида, бу белги «Chanel»га кўчирмакашлик бўлиб кўринган эди. Ташкилотга киритилган даъвода «Huawei» логотипидаги ўхшашликдан фойдаланиб, харидорларни чалғитиши мумкинлигига ишора қилинган.

Энди маълум бўлишича, EUIPO 2019 йилда «Chanel»нинг даъвосини асоссиз деб топган: мутахассислар ҳеч қандай ўхшашликни топишмаган, хитойликларнинг логотипи ҳеч кимни чалғитиши мумкинмас.

Бундан қаноатланмаган «Chanel»нинг шу ҳафта Люксембург судига даъво киритишга уриниши ҳам «ўхшамади».
«Муҳокама қилинаётган савдо белгилари умумий жиҳатларга эга эмас. Логотипларни рўйхатга олишда тақдим этилган кўринишда, ёнга бурмасдан таққослаш ўринли. Хусусан, «Chanel» белгиси нисбатан айланасимон, йўғон чизиқлардан иборат ва горизонтал жойлашган, «Huawei» белгиси эса — тик жойлашган. Демак, белгилар фарқ қилади», — дейилади суд трибунали қарорида.