Маданият вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Бухоро шаҳрига ҳоким бўлди

Маданият вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Бухоро шаҳрига ҳоким бўлди

Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг собиқ биринчи ўринбосари Бухоро шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда бугун, 5 май куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов маълум қилди, дея хабар берди «Дарё».

2020 йилдан шу пайтга қадар маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган Жамол Носиров Бухоро шаҳри ҳокими лавозимига тайинланган.

Бухоро ҳокими Ботир Зарипов шаҳар ҳокими Ўткир Жумаев фаолиятига баҳо берар экан, Бухоро шаҳрида бунёдкорлик ишлар кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қурилиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш борасида давлат раҳбари томонидан имкониятлар яратиб берилган бўлса-да, ундан юқори даражада тўлиқ фойдалана олмаганини билдирди.

«Бухоро шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Ўткир Жумаев ўзининг фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, талабга мос равишда ишлай олмаётганини тан олди. Бошқа ишга ўтказишларини сўраб, ариза билан мурожаат қилди. Юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда бугун Ўткир Жумаевни Бухоро шаҳар ҳокими лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорни имзоладим», — деди Ботир Зарипов.

Жамол Носиров 1985 йил Бухоро шаҳрида туғилган бўлиб, 2005 йилда Бухоро давлат университетини ва 2008 йилда ушбу университетнинг магистратурасини тамомлаган. Ҳозирги пайтда Бухоро давлат университетининг иқтисодиёт ва туризм факультетида сиртдан таълим олмоқда. Жамол Носиров меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган. Вилоят ҳокимилиги ва Бухоро шаҳар ҳокимлиги аппаратидаги масъул вазифаларда, вилоят ёшлар ташкилоти раҳбари, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2015—2017 йилларда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатган. 2020 йилнинг 22 апрелидан буён Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

«Ҳаммаларингизни ишонтириб айтаманки, мен Бухоро шаҳрини янада ривожлантиришда, ўз ишимга ҳалол ва пок виждон билан ёндашишга, бамаслаҳат ишлашга, бор куч ва билимимни ишга солиб, халқимга хизмат қилишга тайёрман», — деди Жамол Носиров.