Маданият вазирлигининг вазифалари қайтадан белгиланди

Маданият вазирлигининг вазифалари қайтадан белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 сентябрдаги 558-сон қарори билан Маданият вазирлиги тўғрисида низом тасдиқланди.

Маданият вазирлиги тўғрисида Низом қуйидагиларни белгилайди:

•    Маданият вазирлиги органларининг тизимини;
•    Вазирлик, унинг Марказий аппарати, ҳудудий органлари, вилоят ва туман (шаҳар) маданият бошқармаларининг вазифалари ва функцияларини;
•    вазирлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ва жавобгарлигини;
•    вазирлик фаолиятини ташкил этиш ва унинг бошқа давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартибини;
•    Вазирлик ҳайъати ишини ташкил этишни;
•    Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларини;
•    Вазирликни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришни;
•    Вазирликнинг Вазирлар Маҳкамасига ва Президентга ҳисоб беришини.

Қуйидагилар Маданият вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолиятининг йўналишлари ҳисобланади:

•    маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
•    жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш;
•    бадиий ижод, шу жумладан, театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш;
•    маданият муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
•    маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини такомиллаштириш;
•    давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, мамлакатимиз ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини чет элларда кенг тарғиб қилиш.