Маҳалла ходимларига қайси таълим йўналишида ўқиш учун имтиёз берилиши маълум қилинди

Маҳалла ходимларига қайси таълим йўналишида ўқиш учун имтиёз берилиши маълум қилинди

Ҳукумат қарори билан 2021/2022 ўқув йилидан маҳалла идоралари ходимларига ўқишга киришда имтиёз берилиши жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Адлия вазирлиги имтиёз қайси таълим йўналиши учун амал қилишини маълум қилди.

Имтиёз барча ОТМга ўтмайди

Адлия вазирлигининг билдиришича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб маҳалла ходимлари учун сиртқи таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизими жорий этилиши юзасидан қабул қилинган ҳукумат қарори доирасида берилаётган мазкур имтиёз барча ОТМга ўтмайди. Қолаверса, барча йўналишларга нисбатан ҳам татбиқ этилмайди. Яъни, маҳалла ходимлари учун педагогика ва молия-иқтисод соҳаларидаги ОТМда фақат “5520100 – Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича)” бакалавриат таълим йўналишида сиртқи ўқиш имконияти берилмоқда.

Имтиёз асосида ўқишга кирганлар таълим йўналишини ўзгартира олмайди

Қайд этилишича, ушбу йўналишга имтиёзли равишда қабул қилинган маҳалла ходимларининг ўқишини бошқа йўналишга кўчиришига рухсат берилмайди. Шунингдек, бу – маҳалла ходимлари (ҳатто тавсиянома олганлари ҳам) ўқишга тўғридан-тўғри қабул қилинади дегани эмас.

Бошқача айтганда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияномага эга бўлиб туриб ҳам, кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтилмаса, маҳалла органлари ходимлари талабаликка тавсия этилмайди.

Тавсиянома ҳаммага ҳам берилмайди

Адлия вазирлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, тавсиянома сўраб мурожаат қилган ҳар бир маҳалла ходими тавсияномали бўлиб қолмайди. Яъни, тавсиянома олишнинг белгиланган мезонлари бор. Бунинг учун маҳалла ходими:

  • эгаллаб турган лавозимида сўнгги 1 йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;
  • маҳалла тизимида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлиши;
  • фаолият юритаётган маҳалла органи рейтинг кўрсаткичи бўйича “намунали” деб топилган бўлиши керак.

Қолаверса, маҳалла ходими ижобий тавсифланганми, иш фаолияти ижобий баҳоланганми, унга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилмаганми – шулар ҳам тавсиянома беришда инобатга олинади.

“Бир сўз билан айтганда, мазкур қарордан кўзланган асосий мақсад маҳалла органларини етук ва малакали мутахассислар билан тўлдириш, маҳалла органлари ходимларига иш фаолиятини давом эттирган ҳолда таълимни иш билан бирга олиб бориш учун шароит яратиб бериш кўзланган. Асосий муддао шу”, дейилади Адлия вазирлигининг расмий муносабатида.