Макро супермаркетлар тармоғи Samarqand Darvoza’ни судга бергани ростми?

Макро супермаркетлар тармоғи Samarqand Darvoza’ни судга бергани ростми?

28 январь куни Samarqand Darvoza савдо-кўнгилочар маркази (СД МАЛЛ) ходимлари Макро супермаркетлари тармоғининг савдо зали ва ширинликлар бўлимидаги электр энергияси таъминотини узиб қўйди. Бу ҳақда савдо тармоғи вакилларига таяниб, Spot хабар берди.

Макро юристи Сергей Арутюняннинг сўзларига кўра, ижара шартномасида электр энергиясини ўчириш кўзда тутилмаган, шу сабабли ушбу ҳолат тўғридан-тўғри унинг бузилиши ҳисобланади. Шунингдек, унинг маълум қилишича, Carrefour эълони Samarqand Darvoza ва Макро ўртасидаги келишув ҳали якунланмаган бир вақтда чиққан (ижара муддати 19 январь куни тугаган).

Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Majid Al Futtaim Франциянинг Carrefour савдо тармоғи Compass ва Samarqand Darvoza’даги Макро супермаркетлари ўрнида очилишини маълум қилганди. Макро супермаркетлар тармоғи бошқарувчиси Роман Сайфулин эса буни «кутилмаганда содир бўлди» дея таърифлаганди.

Макро ҳозирда ўзларининг ҳуқуқлари қўпол бузиляпти деб ҳисобламоқда — савдо-кўнгилочар марказ (СКМ) бошқа талабгорлар билан бирга тенг шартларда ижара шартларини таклиф қилиши шарт.

Арутюняннинг сўзларига кўра, Carrefour’нинг баёноти тузилган шартномаларнинг мавжудлигини англатади, яъни бу орқали Макрoнинг устун ҳуқуқи бузилган.

Carrefour эса ушбу ҳолатга Compass ва Samarqand Darvoza савдо марказларидаги гипермаркетларни ишга тушириш бўйича Ўзбекистон—Уммон инвестиция компанияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзолангани фактини қайд этган холос.

Макро вакилининг маълум қилишича, 6 январь куни уларга СКМ маъмуриятидан хат келган бўлиб, унда ижарага олинган ҳудуднинг қабул қилиш—топшириш (қайтариш) актини имзолаш таклиф этилган, яъни улар кейинги муносабатларини тугатишни талаб қилган.

Компаниядагилар буни асосланмаган, шунингдек, мавжуд қонунчиликнинг бир нечта асослари бўйича қонун бузилиши деб ҳисобламоқда:

  • Ижара шартномаси амалда бўлган вақтда СД МАЛЛ томонидан Макрoга ижара борасида бирор эътироз келиб тушмаган;
  • Макро бир неча бор СД МАЛЛ га шартнома муддатини ижара ҳаққини ошириш бориш орқали 10 йил муддатга узайтиришни таклиф қилиб келган.

8 январь куни супермаркетлар тармоғи маъмуриятдан янги муддатга, учинчи шахс билан тенг шароитларда шартнома имзолаш таклифини билдиришларини талаб қилган, бироқ уларга рад жавоби берилган.

«Бизнинг томон даъво тартибга амал қилинди — низони судгача бўлган тартибда ҳал қилиб бўлмади, шунинг учун биз судга даъво аризаси билан мурожаат қилдик. Мақсад — тенг ҳуқуқлар ва имтиёзли ҳуқуқ шартлари бўйича шартномани қайта кўриб чиқиш», — дейди Сергей Арутюнян.

Компаниядагиларнинг таъкидлашича, ҳозирда Samarqand Darvoza’даги Макро ўз фаолиятини тўхтатган, тез бузиладиган маҳсулотлар олиб чиқиб кетилган, 300 дан ортиқ одам ишга чиқмай қўйган, тармоқ чиқимлар қилмоқда, юзлаб мижозлар эса ноқулайлик ҳис қиляпти.

Маълумот учун, аввалига Compas, Samarqand Darvoza ва Макро The Tower Малл Management Group’га тегишли бўлган, бироқ 2019 йилда компания иккала СКМни ҳам ўзбек—уммон инвестиция компаниясига сотиб юборган.

Эслатиб ўтамиз, Majid Al Futtaim компанияси бошқарувида бўлган Carrefour 2020 йилнинг охирларида Тошкентда биринчи супермаркетни очганди.