Мактаб ўқувчиларининг якуний аттестациясига оид қонун ҳужжатлари унификация қилинди

Мактаб ўқувчиларининг якуний аттестациясига оид қонун ҳужжатлари унификация қилинди

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, мазкур ҳужжатларнинг бирлаштирилиши фуқароларнинг айнан бир масаладаги бир нечта ҳужжатларни қидириб сарсон бўлишларининг олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2019 йил 10 октябрдаги “Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги буйруғи Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 6 ноябрида рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сон буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низом”га қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

1. 2015 йил 26 январдаги Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари 3-мҳ, 22-сонли қарори ҳамда Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сон буйруғи бирлаштирилди (унификация қилинди). Шу сабабли, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 3-мҳ, 22-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб топилди.

2. Ўқувчиларни синфдан синфга кўчириш имтиҳонлари ва якуний давлат аттестациясидан озод бўлиш ҳуқуқини берувчи касалликлар рўйхати илова сифатида Низомга киритилди. Шу билан бирга, мазкур касалликлар рўйхатига муковисцидоз (аралаш шакли, оғир тури), плеврит, носпецифик ярали колит (зўриқиш даври), жигар циррози (декомпенсация даври) касаллик турлари қўшилди.

3. Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси томонидан амалга оширилиши белгиланди.