Malibu, Equinox ва Tracker нархлари кескин оширилиши бўйича расмий баёнот берилди

Malibu, Equinox ва Tracker нархлари кескин оширилиши бўйича расмий баёнот берилди

UzAuto Motors компанияси Chevrolet Malibu-2 моделлари, шунингдек, янгиланган Equinox ва Tracker нархларини кескин оширди. Ушбу автомобилларнинг нархи нега ошгани юзасидан компания изоҳ берди.

Қайд этилишича, люкли Malibu-2 LTZ 2.0 л (турбо) нархи 324,4 миллиондан 369 миллион сўмгача (13,7 фоизга), янгиланган Equinox 349 миллиондан 414 миллион сўмгача (18,6 фоизга), Tracker 240 миллион сўмгача ошди.

UzAuto Motorsнинг изоҳ беришича, иккинчи авлод Chevrolet Malibu автомобиллари Ўзбекистон бозорида 2017 йил апрель ойидан пайдо бўлди. Ҳар бир янги Chevrolet Malibu русумининг нархи автомобиль модификациясидан келиб чиқиб тасдиқланган ва шу вақтга қадар бирор марта нархи ошмаган.

«Икки литр ҳажмдаги турбомоторли Chevrolet Malibu LTZ Premier Facelift автомобилининг сўнги Premium версияси 2019 йил октябрь ойида сотувга чиқарилди. Ушбу автомобилнинг нархи 2021 йил март ойигача ўзгармади.

Доллар курсининг ўсиши (30 фоиздан кўпроққа), Корея Республикаси вони курсининг долларга нисбатан мустаҳкамланиши (10-15%), пандемия ва бошқа омиллар натижасида логистика нархининг дунё миқёсида ўсиши ушбу автомобиль русуми нархининг янгиланишига асосий сабабларидан бўлди.

Бундан ташқари, Chevrolet Tracker автомобилига янги имкониятлар қўшилди – янгиланган Tracker автомобили аввалги русумлардан ички иқлим назорати, электрон бошқарилувчи хайдовчи ўриндиқлари ва сунъий чармдан ишланган ўриндиқлар ҳамда бошқа қулайликлар иборат Redline мажмуасида тақдим этилган», дейилади компания хабарида.

Шунингдек, Chevrolet Equinox автомобилида RS комплектациясида янгиланиши муносабати билан бир қатор қулайлик пайдо бўлган.