«Локомотив» бош мураббийи «МЮ» билан келишувга эришди

«Локомотив» бош мураббийи «МЮ» билан келишувга эришди

Москваниннг «Локомотив» клубида фаолият юритаётган Ральф Рангник «Манчестер Юнайтед»нинг вақтинчалик бош мураббийига айланиши мумкин.

The Athletic нашри хабарига кўра, 63 ёшли германиялик мутахассис «Юнайтед»ни бошқаришга розилик билдирган ва томонлар келишувга эришган. Рангник «МЮ» билан 6 ойлик шартнома имзолаб, ёзда келишувини яна 2 йилга узайтириб, маслаҳатчи мураббий сифатида ишлаши айтилмоқда.

Қайд этилишича, «МЮ» Рангникнинг «Локомотив» билан амалдаги келишувни ўзаро бекор қилишини кутмоқда. 

Англияда ишлаш визасини олиш қийинлиги сабабли Рангник якшанба куни «Челси»га қарши баҳсда «Манчестер Юнайтед»ни бошқара олмайди. Шу куни ҳам Майкл Кэррик жамоани бошлаб тушиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 63 ёшли Ральф Рангник 2015-2019 йилларда «Лейпциг» клубини бошқарганди. 2021 йилнинг ёзидан буён мутахассис Россиянинг «Локомотив» клуби спорт ишлари ва ривожлантириш бўлими раҳбари сифатида ишлаб келмоқда.