Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова суд-ҳуқуқ тизимдаги 40 йилдан ортиқ фаолияти давомида мансабини суиистеъмол қилиб, жиноят кўчасига кирганлар билан кўп бора суҳбатлашгани, шунингдек мансабдорларнинг жиноий фаолиятидан олинган даромадлари ҳақида гапирди.
“Мансабдорларнинг жиноий фаолиятидан олинган даромадларига тўхталадиган бўлсак, халқаро баҳолаш тизимида Ўзбекистон қизил нуқта бўлиб ёниб турибди. Эртага [хориждан] экспертлар келса, шу комиссиянинг раиси бўла туриб, қандай жавоб беришим мени роса ўйлантиряпти.
Лекин бу масъул мансабдор шахслар давлат сирларига алоқадорлигини инобатга олиб, уларнинг суд мажлислари ёпиқ ўтказилган, уларнинг жиноий фаолиятдан олган даромадлари ҳам ёпиқ бўлган. Бир кунмас бир кун бу масалалар очиқланади. Комиссиямиз аъзолари ҳам, экспертларимиз ҳам, бутун жамиятимиз шуни хоҳлайди”, дея таъкидлади у Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида.