Мақсад — ҳамиша ғалаба қозониш, орзу — Чемпионлар лигаси. Месси Париждаги илк матбуот анжуманида

Мақсад — ҳамиша ғалаба қозониш, орзу — Чемпионлар лигаси. Месси Париждаги илк матбуот анжуманида

Барселона — Париж
5 август куни «Барселона» Мессининг кетиши ҳақида эълон қилди - томонлар янги шартнома бўйича келиша олган бўлса-да, молиявий фейр-плей шартнома тузилишига тўсқинлик қилди.

8 август куни 34 ёшли аргентиналик клубда хайрлашув матбуот анжуманини ўтказди ва 13 ёшидан буён клубда бўлган футболчи «Камп Ноу»ни кўзда ёш билан тарк этди.

10 август куни форвард оиласи билан Каталония пойтахтидан Парижга «ПСЖ» билан шартнома имзолаш учун йўл олди, унинг самолёти қўнар-қўнмас француз клуби унинг трансфери ҳақида анонс берди.

Сешанба куни воқеалар ривожи тезлашиб кетди: Месси чиққан самолёт Франция пойтахтига қўнди, минивэнлардан иборат кортеж мотоцикллардаги полициячилар ҳамроҳлигида аргентиналик футболчини тиббий кўрикдан ўтиш учун олиб борди, шундан кейин футболчи «Парк де Пренс»га йўл олди ва меҳмонхонага жойлашди. Бу жараён — кўчаларни тўлдирган мухлислар тўс-тўполони билан бирга кечди, футболчи Париж марказидаги меҳмонхона деразасидан уларга қўл силкиб салом йўллади.

Илк сўзлар
«ПСЖ» Месси билан шартнома имзолангани ҳақида 11 августга ўтар кечаси, маҳаллий вақт билан соат 1дан 45 дақиқа ўтганида эълон қилди. Келишув «икки плюс бир» схемасида тузилган (асосий муддат — 2023 йил ёзигача, кейин томонлар уни яна бир мавсумга узайтириши мумкин). Инсайдерлар маълумотларига кўра, футболчининг йиллик маоши миқдори бонуслар билан бирга 35 миллион еврони ташкил этади.

«Фаолиятимнинг янги саҳифасини «ПСЖ»да очаётганимдан хурсандман. Клубдаги барча нарса менинг амбицияларимга мос келади. Биламанки, бу ерда истеъдодли футболчилардан иборат жамоа ва кучли мураббийлар штаби бор.

Мен ёрдам беришни ва улар билан клуб ҳамда мухлислар учун алоҳида катта ишлар қилишни мақсад қилганман. «Парк де Пренс»да майдонга тушишни интиқлик билан кутяпман», — дея Мессининг сўзлари келтирилди шартнома ҳақидаги релизда.

Матбуот анжумани
Маҳаллий вақт билан 11 август куни соат 11:00да «ПСЖ» хўжайини Носир Ал-Ҳилайфий ва Месси иштирокида матбуот анжумани бошланди. Аргентиналик унга рафиқаси ва фарзандлари билан бирга ташриф буюрди. Бир неча кун муқаддам «Ноу Камп»да кўз-ёшларга гувоҳ бўлгандик, «Парк де Пренс»да эса — фақат табассумлар. Парижликлар босси ва клубнинг янги юлдузи бир-бири ҳақида илиқ сўзлар айтишди ва яна бир бор клуб тарихида ҳамда футболчи фаолиятида янги саҳифа очилаётганига урғу қаратилди.

Ал-Ҳилайфий — Месси билан шартнома ҳақида:

— Лео Мессини «ПСЖ» футболчиси сифатида таништиришдан бахтиёрман ва фахр туймоқдаман. Бу бизнинг клуб ва дунё футболи учун тарихий кун, шунчаки фантастик лаҳзалар. Барча Лионелни уникал футболчи сифатида билади, у олти марта «Олтин тўп» соҳиби бўлган. У футболни сеҳрга айлантирди, у ҳақиқий ғолиб. Бу эса ажойиб. Ўн йил олдин «ПСЖ»га келганимизда, одамлар клуб билан нима бўлиши ҳақида саволлар беришарди. Биз бугун қаергача етиб келганимиздан мағрурланамиз.

Ҳеч кимга сир эмаски, биз икки томонлама келишувга эришдик, бунинг учун Леога, унинг рафиқасига, отаси Хорхега ва бу трансфер амалга ошишида ёрдам кўрсатган инсонларнинг барчасига миннатдорчилик билдираман. Бу футболчи жуда кўп совринлар қўлга киритган, «ПСЖ»да эса янада кўпроқ соврин ютади. У бу ишни мен учун дунёдаги энг яхши бўлган жамоамиз ва мураббий [Маурисио Почеттино] билан амалга оширади.

Месси — «ПСЖ»га ўтиши ва Париж ҳақида:

— Барча биладики, шунча йилдан кейин «Барселона»дан кетиш мен учун қийин бўлди. Аммо келишим билан Парижда мен ва оилам ўзимизни қулай ҳис қила бошладик. Машғулотларни бошлашни сабрсизлик ила кутяпман, чунки ўз жамоадошларим билан яқиндан танишишни ва фаолиятимнинг янги босқичини бошлашни жуда хоҳлайман. «ПСЖ» раҳбариятига музокараларни жуда тез ҳал қилгани ва қабул учун миннатдорчилик билдираман. Барчаси жуда зўр бўлди.

Ўйлайманки, биз барчамиз оддий бўлмаган вазиятдан муносиб чиқиб кетдик. Мен бу ердалигимдан жуда хурсандман. Мен ўйнашни, ғалаба қозонишни истайман. Ишончим комилки, «ПСЖ» — барча совринларни ютишга қодир клуб. Шунинг учун бу ерга келдим.

Кўпчилик учун Парижга келишим сюрприз бўлди. Парижликларга илиқ қабул учун раҳмат айтмоқчиман. Мен келганимда, бу ерда ўзига хос кайфият ҳукмрон эди. Бу жуда ажойиб бўлди. Бу янги, бошқаларига ўхшамас тажриба. Биз оиламиз билан ақл бовар қилмас шаҳардамиз, бу ер бизга жуда ёқмоқда.

Қачон ўйнашни бошлашимни мураббийлар штаби ҳал қилади, чунки мен таътилни энди тугатдим. Ўйлашимча, тайёргарлик кўриб, майдонга тушишга тайёр бўлишим учун бироз вақт кетади. Умид қиламанки, бу имкон қадар тез фурсатларда рўй беради.

Ал-Ҳилайфий — Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш мақсади ҳақида:

— Барча бизнинг мақсадимизни яхши билади. Биз барча ўйинларда ғолиб бўлишни истаймиз. Биз совринларга эга чиқиш учун ишлашимиз керак. Ҳозирча лига ҳақида ўйлаяпмиз, сентябрда Чемпионлар лигаси старт олади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бизни фаворитлар қаторида ҳисоблашади. Аммо қадам-бақадам олға юришимиз керак.

Месси — Чемпионлар лигасида ғолиб бўлиш мақсади ҳақида:

— Бу оддий ва осон иш эмас. Баъзида сенда дунёнинг энг яхши жамоаси бўлиши, лекин Чемпионлар лигасида ғолиб чиқа олмаслигинг мумкин. Кўплаб деталлар бор. Бу турнирда энг кучли жамоалар қатнашади, шунинг учун бизнинг жамоа ҳамжиҳат бўлиб, жипслашиши керак. Омад ҳам керак. Ҳар доим ҳам энг кучли жамоалар ғолиб бўлаверишмайди, натижани олдиндан айтиш имконсиз. Барча ғолиб бўлишни истайди, шу жумладан биз ҳам. Мен ўйлайманки, жамоа бунинг учун тайёр. Жамоани ғалабага янада яқинлаштириш учун муҳим трансферлар қилинди. Мен бу ерга ёрдам бериш, қўлимдан келганини қилиш учун келдим. Менинг мақсадим ва орзум — Чемпионлар лигасида яна ғолиб бўлиш. Ўйлайманки, Париж — буни амалга ошириш учун энг яхши жой.

Ал-Ҳилайфий — юлдузли таркиб ва молиявий фэйр плей ҳақида:

— Биз молиявий фэйр-плей қоидаларидан хабардормиз ва ҳамиша уларга амал қиламиз. Янги футболчини сафга қўшиб олишдан олдин бунинг қанчалик имконли иш эканини муҳокама қилиб, маслаҳатлашамиз. Агар Лео билан шартнома тузилган бўлса, демак бунинг имкони бўлгани учун қилганмиз. Леонинг келиши — клуб учун катта воқелик, унинг ўтиши ҳартомонлама жуда фойдали ва у бизга даромад келтиради. Биз буни сўнгги уч кунда ҳис қилдик, барча жабҳада фойда бўлиши кўриниб турибди. Умид қиламанки, Лео энди маошини кўтаришни талаб қилмайди. (Кулади.) Шартноманинг молиявий жиҳатларини ошкор этмайман, аммо биз барчасини қоида доирасида амалга оширдик.

Месси — дўсти Неймар, Мбаппе, бошқа футболчилар ва мураббий Почеттино ҳақида:

— Жуда хурсандман, бу шунчаки ақл бовар қилмас ҳолат. Бундай жамоага қўшилиш жуда ёқимли. Мен дунёнинг энг яхши футболчилари билан бирга майдонга чиқаман. Жуда ҳаяжонли, мен бундан завқ оламан.

Албатта, кийим алмаштириш хонасида кўплаб дўстларим ва танишларим бор. Агар таркибга қарасангиз, катта мақсадларга эриша оладиган кучли жамоани кўрасиз. Умид қиламанки, биз барчамиз бир бўлиб бунга эришамиз. Биз яна биргамиз — мен, Ней, Ди Мария, Паредес. Ва бу ҳам муҳим омил эди. Албатта, Неймар ва жамоа таркибидаги футболчилар менинг бу ерга келишимда муҳим рол ўйнади.

Мен мураббийни анча вақтдан буён биламан. Биз аргентиналиклармиз ва бу тил топишиб кетишимизни осонлаштиради. Биз гаплашиб олдик, барчаси ажойиб бошланди. Мураббийлар штаби ва клуб персонали ҳам менинг қароримда муҳим рол ўйнади.

Ал-Ҳилайфий — Мбаппенинг Париждаги келажаги ҳақида:

— Мбаппе — «ПСЖ» футболчиси. У ғалабаларга эришишни истайди. Ўзи ҳам кучли жамоада ўйнашни исташи ҳақида айтиб келади. У айнан шундай жамоада. Шундай экан, унда шу ерда қолиш ва ўйнашдан бошқа вариант ҳам йўқ.

Месси — «Барселона» билан хайрлашув ҳақида:

— Албатта, «Барселона»дан кетиш қарори осон бўлмади. Бу мен болалигимдан буён ўйнаган уйим. Кетишдан олдин клубга ва мухлисларга уларнинг муҳаббатидан ҳамиша миннатдор бўлишим ҳақида гапирдим. Аммо улар мен жуда кучли клубга ўтаётганимни тушунишди. Мен — ғолиб футболчиман. Париж менинг мақсадларимга мос келади. Ҳозир қачондир «Барселона»га қарши майдонга тушишга тўғри келиши мумкинлигини аниқ айтиб бўлмайди. Бир томондан, бу жуда яхши бўларди, лекин уйда, Барселонада бошқа жамоа либосида ўйнаш ҳам жуда ғалати.

Месси — Франция чемпионати даражаси ҳақида

—  Бу ерда менинг дўстларим ўйнайди, баъзида уларнинг ўйинларини кузатардим. «ПСЖ» ёрдамида Франция чемпионати катта ютуқларга эришди. Қолган клублар «ПСЖ»га қарши курашиш учун ривожланишга ҳаракат қилмоқда.

Бу чемпионатни биламан. Бу мен учун янги тажриба бўлади. Янги лига билан танишиш имкониятига эга бўлганимдан жуда хурсандман.

Матбуот анжумани якунида, Месси ва Ал-Ҳилайфий аргентиналик футболчи номи туширилган, 30-рақамли «ПСЖ» футболкасини кўтариб суратга тушаётганида залдаги журналистлар тўхтовсиз равишда олқишлашди: «Месси! Месси!» Кейин эса Лео «Парк де Пренс»да тўпланган фанатлар қаршисига чиқди.

Бу энди туш эмас, реаллик. Месси Париж рамзларидан бирига айланди. «ПСЖ»нинг промо-ролигида — у Лувр музейидаги «Мона Лиза» ўрнига қўйилди.