«Мақсадимиз лайк йиғиш эди».Ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигит 8 суткага қамалди

«Мақсадимиз лайк йиғиш эди».Ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган йигит 8 суткага қамалди

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ички ишлар ходими кийимини кийиб рақс тушган йигит ва уни видеотасвирга олган вояга етмаган бола қўлга олинди, дея хабар бермоқда «Zamon.uz».

Мирзаобод туманининг «Боғистон» маҳалласида жойлашган автомобилларни ювиш шохобчасида ишчи бўлиб ишлаб келган 1995 йилда туғилган Ҳасан Дўстов ички ишлар ходимларининг хизмат кийимини кийиб жамоат жойида юриш-туриш ва одоб ахлоқ қоидасини бузган холда таниши, вояга етмаган Диёрбек билан ножўя хатти-ҳаракатларни тасвирга олиб, уни ижтимоий тармоқларга тарқатиб юборган.

Ушбу фуқароларнинг шахси аниқланди. Ҳолат юзасидан Ҳасан Дўстовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 209-1-моддаси (хизмат кийимини рухсатсиз белгиланмаган тартибда кийиш) билан айблов эълон қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Мирзаобод тумани судида ўтган очиқ суд мажлисида йигитларнинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилди. Суд ҳукмига кўра Ҳасан Дўстов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, ушбу кодекснинг 34-моддасига асосан унга 8 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.