Қозоғистоннинг Мақтаарал туманига Ўзбекистондан 200 киши ва махсус техникалар етиб келди (фото)

Қозоғистоннинг Мақтаарал туманига Ўзбекистондан 200 киши ва махсус техникалар етиб келди (фото)

Ўзбекистон фуқаролари ва махсус техникалари тошқиндан жабр кўрганларга ёрдам бериш учун Мақтаарал туманига етиб келишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ходимлари Facebook саҳифасида маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Тезкор штаб ахборот бўлими мутахассиси Қанат Байсовнинг сўзларига кўра, қўшни давлатдан 42 та махсус техника ва 200 киши келган. Техникалар орасида насослар, бульдозерлар ва тўғон қуришга мўлжалланган техникалар бор. Ўзбекистонликлар сувдан тозалаш ишларини олиб боради ва бузилган уй-жойларни қуришда иштирок этишади. Улар озиқ-овқатини ҳам, ёқилғини ҳам ўзлари билан олиб келишибди. ЎР фуқаролари буларнинг барчаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғи билан амалга оширилаётганини айтишган. Ўзбекистонлик ёрдамчиларнинг айтишича, эртага уй-жой қуриш учун қўшимча ишчи кучи етиб келади ва зарур қурилиш материаллари ҳам етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вилоят ҳокими Ўмирзақ Шўкеев бир қатор мутахассислар билан Ўзбекистонга ташриф буюриб, тошқинлар бўйича музокаралар ўтказган эди. Кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўшни Мақтаарал туманидаги тошқин оқибатларини бартараф қилишга ёрдам беришни ваъда қилганди.