Марҳум "Ўктам Барноевнинг жияни" қўлга олинди

Марҳум

Ўтган йилнинг март ойидаги пандемия даврида ўзини Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими марҳум Ў. Барноевнинг жияни, деб таништирган ўттиз икки ёшли фуқаро Ж. Тешабой кўлга тушди. Бу ҳақда "Постда" хабарига асосланиб 'Darakchi.uz' ёзмоқда.

Ж. Тешабой Когон туманида туғилган ва Қоровулбозор туманида истиқомат қилган. У бир неча маротаба Жиноят кодексининг турли бандлари билан жавобгарликка тортилган. Яъни, 2015 йилдан хавфли рецидивист сифатида рўйхатга олинган. 2020 йилнинг март ойида бошқа жиноятлари сабаб озодликни чеклаш жазосини ўтаётган бўлишига қарамасдан, қайта жиноятга қўл урган.

Ж. Тешабой фуқароларнинг мулкини қўлга киритиш мақсадида ўзини ҳокимликнинг кам таъминланганларга уй-жой ажратиш бўлими ходими деб ҳам таништирган. Шунингдек, у COVID-19 пандемияси сабабли карантин эълон қилинган пайтдан фойдаланиб, ҳокимлик биносига кириб-чиқиш чеклангани боис, ўз фаолиятини бино ташқарисида юритаётганини айтган. Ва вилоят ҳокимлиги биносининг орқа томонидан кириб-чиқиладиган жойда фуқаролар билан учрашиб келган. Учрашув давомида у бир неча фуқароларга шаҳар ҳудудида қурилаётган янги кўп қаватли уйлардан имтиёзли кредит асосида уй-жой олиб беришни ваъда қилиб, улардан катта миқдорда пул ундирган.

Хусусан, 20 йиллик кредит асосида бериладиган уй-жойларнинг бошланғич тўлови сифатида фуқаро З.Ҳ.дан 3 миллион 229 минг сўм, Ф.Ҳ.дан 1 миллион 617 минг 500 сўм, М.Ж.дан 2 миллион 800 минг 515 сўм, М.Х.дан 3 миллион 284 минг сўм, Р.Б.дан 3 миллион 200 минг сўм, Ў.Б.дан 3 миллион 285 минг сўм пулларни олиб, ўз эҳтиёжига ишлатади. Орадан анча вақт ўтишига қарамай, уй-жойлари масаласида янгилик бўлмагач, фуқаролар норозилигини билдиради. Ж. Тешабой эса вазиятдан чиқиш мақсадида ҳийла ишлатади. Ўзи чув туширган фуқароларга пулларини олгани ҳақида сохта кирим ғазна ордерини расмийлаштириб беради ва шу йўл орқали 10 нафар фуқаронинг пулларини ўзлаштиради.

Кейинчалик уй-жойдан умидини узган фуқаролар Ж. Тешабойнинг хатти-ҳаракатларидан шубҳаланиб, бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилишади. Шу тариқа, сохта жияннинг “фаолияти”га чек қўйилади.

Суд сохта жияннинг сўнгги манзили – қамоқхона эканлигини яна бир бор эслатиб, уни Жиноят кодексининг турли моддалари  билан айбдор деб топди ва унга нисбатан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.