Марҳум олим Андрей Кубатин қамоқда қаттиқ қийноқларга солингани айтилди

Марҳум олим Андрей Кубатин қамоқда қаттиқ қийноқларга солингани айтилди

40 дан ортиқ тилларни билган тарихчи олим, туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи Андрей Кубатин шу йилнинг октябрь ойи охирларида вафот этганди.

Клара Сахарова «Газета.uz»га берган интервьюсида  Андрей Кубатин туҳмат сабаб қандай қамалгани ва қаттиқ қийноқларни бошидан кечирганини ҳикоя қилиб берди.

«2017 йил бошида Андрей Туркия Ҳамкорлик ва Мувофиқлаштириш Агентлигига (ТIКА) таклиф қилинди, ўша пайтда агентликка Сулаймон Кизилтопрак раҳбарлик қилган. Улар кўплаб тилларда, шу жумладан турк тилида сўзлашадиган Андрейни таклиф қилишади ва ундан Ўзбекистоннинг тарихий жойларига сайёҳлик қўлланмасини тайёрлашни сўрашади. Андрей эса илм-фан билан шуғулланишини ва ҳатто оиласи учун ҳам бўш вақти йўқлигини айтади. У бу вазифани агентлик ходими Музаффар Жониев бажаргани яхшироқ эканлигини, ўзи эса 10 йил давомида тўплаган ўз кутубхонасидан фойдаланишларига қўйиб беришини айтади. Кутубхонадан ҳамма фойдаланиши мумкин эди, у китобларни ҳаммага тарқатарди. Кутубхона электрон шаклда эди, у 15 мингта китобнинг барчасини уйда сақлолмасдику.

Андрей унга намуна сифатида қўлланма беришини, кейин эса ўзи текширишини айтади. Улар шунга келишишди. Бир ҳафта ўтди. Жониев укамдан китобларни беришини илтимос қилиб, ҳоли-жонига қўймади. Андрей китобларни хард (қаттиқ) дискка кўчирди. 25 март куни Музаффар уни китобларни беришга кўндирди. Андрей Шарқшунослик институтидан чиқиб, Музаффар билан светофор ёнида учрашди ва унга китобларнинг электрон нусхаларини топширди. У Андрейга «Максим Горький»гача олиб боришни таклиф қилди ва у ердан эса ўзи уйгача етиб олади. Андрей рози бўлади.

«Боткин» бурилишида уларнинг йўлини оқ Cobalt кесиб ўтади, машинада терговчи Дониёр Абдуллаев ва яна бир йигит бўлган. Улар Андрейни Музаффарнинг машинасидан чиқариб, Cobaltга ўтирғизишади, уни дўппослай бошлайдилар. Андрей табиий равишда қаршилик кўрсатади. У Мирзо-Улуғбек ТИИБга олиб келинган ва бошқа фамилия билан рўйхатдан ўтказилган. У қўнғироқ қилди ва, МХХ терговчилари назорати остида, бизга ҳали ишлаётганини ва кечқурун бўшашини айтди. Мен бу ерда бир гап борлигини гумон қилдим. Кейинроқ, уни судга олиб кетишаётганини хабар берди. Бўйсунмаслик моддаси билан расмийлаштирилиб, Панельнийда (Тошкентдаги Панельний массивидаги вақтинча сақлаш маркази — таҳр.) 15 сутка ушлаб туришди.

Ҳар куни у ерга келиб, йигитлардан унинг аҳволи ҳақида суриштириб турдик. 3−4 кундан кейин бизга дори-дармонлар — антибиотиклар, малҳамлар олиб келиш кераклигини айтишди. Кейин билсам, уни тепишган, қисқаси барча жинсий аъзолари зарбланган.

15 суткадан кейин биз уни уйга олиб кетолмадик. Андрейни қора Lacetti га солишди ва Гвардейскаяга (ДХХ тергов изолятори — таҳр.) олиб кетишди. Ва шу ердан бизнинг азобларимиз бошланди. У ерда улар уни «юмшоқ» камерага жойлаштиришган (маҳбус ўзига зарар етказмаслиги учун), калтаклашган. Кейин уни умумий камерага юборишган, у ерда «лоҳмач» (камера сардорлари) Виктор Петрович Кунаев ёки Кулаев бор эди. У уни юрак соҳасига қаттиқ урган. Андрей унинг бўйи 2 метрдан баландроқ, улкан одам, ақли ҳам жойида эмас деб таърифлаганди… Юрак соҳасида қонталаш жароҳатлар пайдо бўлди, шифокорлар буни тасдиқлашди, лекин бу нарса ҳеч қаерда кўрсатилмади. Виктор ҳар кеча уни бўғишга уринган. Ана шу тарзда Андрей у ерда беш ойни ўтказди.

У дўмбоққина, вазни 105 кг эди. Биз уни бир марта Гвардейскаяда, беш ойдан кейин эса Тоштурмада кўрдик. 105 кглик вазн йўқ эди, 70−73 кг вазнли инсонни кўриб турардик. Иккита чопонга ўраниб олган, бутун бўйин ва бош яраларда эди. У бошини кўтармасди, кўз ёшлари оқарди, гапиролмасди. Улар унинг олдига келиб, мени машина уриб кетишини, хотинини зўрлашларини, боласини ўғирлашларини ва «опанг нима қилишидан қатъи назар, биз қанча десак, шу муддатга «кесиласан» деб қўрқитишган. Буни Азиз қилган, эҳтимол бу тахаллусдир. Гарчи иш судга топширилган бўлса ҳам, уни у ерга қўйишга ҳақлари бўлмаса ҳам, Азиз Гвардейскаяга ҳам келган, Тоштурманинг ертўласига ҳам тушган.

2017 йил 1 декабрда унга 11 йил берилди. У ерда судья Умид Шакиров эди. Ҳаммаси келишилганди. Маслаҳат хонаси ўрнига у тўртта стол тенниси жойлашган коридорга чиқди. Кейин дунё ҳамжамияти, ОАВ қўшилди.

Бизда хусусий адвокат — Хуршид Тўлбобоев бор эди. Аммо укам Гвардейскаяда бўлганида, у ерда адвокат Шаҳзод эди… Бизга ўз адвокатларимизни ёллашга рухсат беришмади. У гўёки укамнинг олдига бориб турган, лекин Андрей унинг фақат икки марта келганини айтди. Укам калтакланганини айтганда, у ҳеч қандай ҳаракат қилмади. У шунчаки келган, ҳужжатларни имзолаган ва кетган. Ва ҳатто ўша пайтда у бунинг учун биздан пул олган.

Шахзод бизга 5 йил берилса хурсанд бўлишимизни айтди. Ва ҳар доим у бизни «Ёзманглар, ҳеч нарса қилманглар, ҳеч кимни ўртага солманглар» деб қўрқитарди. Биз бундай ишларга ҳеч қачон тўқнаш келмаганмиз, нимадир қилишдан қўрқардик. Адолат бор деб ўйлардик. Илгари мен аҳмоқлигимдан шундай деб ўйлар эдим, улар буни тагига етишади деб ўйлардим. Етишди — 11 йил.

Шундан сўнг, биз барча юқори турувчи идораларга мурожаат қилдик, шовқин-сурон кўтариб, уларга етиб бориши учун «аюҳаннос» сола бошладик.

Халқаро ҳамжамият, ҳуқуқ ҳимоячилари аралашганидан сўнг унинг муддати 5 йилга қисқартирилди. Ҳаммаси шу ерда тўхтайди деб ўйладик. Бир ой давомида ҳеч бир ҳаракат қилмадик. Шу ерда менинг сабрим тугади, видеомурожаат қила бошладим, норозилик билдиришни бошладим, очлик эълон қилдим. Ростини айтсам, аввал майдонда ўзимни ёқиб юбормоқчи эдим. Мен бу ҳақида ҳамма жойда расман эълон қилдим. Менга қўнғироқ қилиб, «Бунинг сенга нима кераги бор? Сенинг кичкина болаларинг, касал онанг бор» дея фикримдан қайтаришга уринишарди. Ва мен очлик эълон қилишга қарор қилдим.

Кейин мен оммавий равишда прокурорга мурожаат қилдим. Мени Муродов (собиқ бош прокурор Отабек Муродов — таҳр.) ўз кабинетига чақириб, 20-бўлимга ишни қайта кўриб чиқиш топшириғини берди. У шундай деди: «У ерда жосуслик йўқ. Нима қилаяпсизлар ўзи? Қайта кўриб чиқинг».

Мен ҳар куни ёки ҳарбий прокуратура, ёки Бош прокуратура, Омбудсман, Сенат, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, президент девони, халқ қабулхоналарига борардим. 2,5 йил давомида мен уйда бир кун ҳам ўтирмадим, фақат дам олиш кунларидан ташқари — қабул кунлари эмасди. Охири йўқ сафарлар. Эрталаб кетаман, кечқурун келаман. У озодликка чиққунга қадар шу тарзда давом этди.

У «колонкада» бўлганида (колония — таҳр.) биз унинг олдига ҳар шанба ва якшанба кунлари келардик, у бизнинг таъминотимизда эди. Бир ҳафталик тўлиқ бозорлик қилардик. Кўрпа-кўрпача, ёстиқлар олиб бордик. Унга 5 йил берилганида, у муддатнинг учдан бир қисмини ўтади, кейин «колонна» ва «қўнғироқ». Агар биз жараённи ютмаганимизда, у беш йил давомида «колонна»да бўлган бўлар эди. У тўққиз ой давомида у ерда эди, шундан беш ойи биз ҳар ҳафта Тошкент вилояти судига мурожаат қилдик.

Кейин Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисми (реабилитация қилиш учун асослар/жиноят таркибининг етишмаслиги)ни қўллаган ҳолда, у оқланди», – деб эслайди марҳум олимнинг опаси.

Клара Сахарова укасининг ноҳақ қамалгани учун талаб қилинган 560 миллион сўм ўрнига 462 минг сўм миқдоридаги моддий товон пули тўғрисидаги суд қароридан норози бўлиб, шикоят аризаси ёзмоқчилигини ҳам билдирган.