Марказий банк: жорий йил май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этди

Марказий банк: жорий йил май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этди

Марказий банк бошқаруви йиғилишида асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашди. Бунда озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлди.

Мазкур гуруҳдаги товарлар нархлари ўзгаришига, бир томондан, жаҳон бозорида ўсимлик ёғи, шакар ва гўшт маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ошиши сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан, қиш-баҳор мавсумида кузатилган ўзгарувчан об-ҳаво шароитларида мева ва сабзавотлар ҳосилининг кечикиши ҳамда аввалги йилларга нисбатан кам бўлиши кутилаётганлиги таъсир кўрсатди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифларининг йиллик ўсиши умумий инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатиб, жорий йил май ойида мос равишда 8,2 ва 8,5 фоизни ташкил этди.

Мавсумий омиллар таъсирчанлиги юқори бўлган мева-сабзавотлар ва тартибга солинадиган нархлар чиқариб ташлаб ҳисобланган базавий инфляция даражаси йил бошидан (12,1 фоиз) босқичма-босқич пасайиб келиб, май ойида йиллик 10,9 фоизни ташкил этди ва умумий инфляция суръатлари билан тенглашди.

Инфляцион кутилмалар ва сезилган инфляция кўрсаткичлари март-апрель ойларида айрим асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг кескин ўсиши натижасида апрелда ўсувчи трендни намоён этган эди.

Май ойида эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида апрель ойига нисбатан пасайиш кузатилиб, мос равишда 16,4 ва 16,5 фоизни ташкил этган бўлса-да, жорий инфляция кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Йил охиригача инфляцион кутилмаларнинг пасайиши, биринчи навбатда, асосий озиқ-овқат товарлари нархларининг барқарорлашиши ҳамда иқтисодиётда ялпи истеъмол ва таклифнинг ўзаро мувозанатлашуви билан боғлиқ бўлади.

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоиз ўсиш кузатилган бўлса, кўрсатилган хизматлар ҳажми 19,8 фоиз ошди. Умуман олганда, ушбу тармоқлардаги ўсиш суръатларининг биринчи чорак якунларидаги ўсиш суръатларига нисбатан жадаллашиши кузатилди.

Иқтисодиётда аҳолининг истеъмол фаоллиги ошиб бориши билан савдо ва пуллик хизматлар ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Январь-май ойларида тижорат банклари кассаларига савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ҳажми 19,6 триллион сўмни ташкил этиб, 2019-2020 йиллардаги (мос равишда 11 ва 6,1 триллион сўм) кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори бўлди.

Йил охиригача иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омил фискал рағбатлантириш бўлиши кутилмоқда. Бунда умумий фискаль дефицитнинг ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан юқорироқ прогноз қилинаётганлиги, ижтимоий нафақа, пенсия ва иш ҳақининг оширилиши иқтисодиётда истеъмол талаби сезиларли ўсишига олиб келади.

Жорий йилнинг дастлабки беш ойида ташқи иқтисодий шароитлар иқтисодиётимиз учун мўътадил шаклланди.

Асосий савдо-ҳамкор давлатлар (Туркияни ҳисобга олмаганда) миллий валюталари алмашув курсларида йил бошидан бошлаб кескин ўзгаришлар кузатилмади.

Халқаро валюта жамғармасининг апрель ойида янгиланган прогнозларига кўра, асосий савдо ҳамкорлар – Россия, Хитой ва Қозоғистонда ЯИМ ўсиш суръатлари аввалги прогнозларга нисбатан ижобий томонга ўзгартирилган.

Жаҳон хом ашё бозорларида олтин нархи февраль-март ойларида пасаювчи динамикага эга бўлган бўлса, апрель-май ойларида яна тикланиб, июнь ойида йил бошидаги кўрсаткичларга яқинлашди. Мис нархи эса йил бошидан бошлаб маълум бир тебранувчанлик билан ўсувчи тенденцияни намойиш этмоқда.

Жорий йилнинг январь-май ойларида экспортдан тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йил мос давридаги кўрсаткичдан (2,5 миллиард доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 миллиард доллар) 39 фоиз юқори бўлди.

Мамлакатимизга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 5 ойда 2,6 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига (1,8 миллиард доллар) нисбатан 43 фоиз, 2019 йилнинг мос даврига (2 миллиард доллар) нисбатан 30 фоиз ўсди ҳамда аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Иқтисодиётнинг тикланиб бориши билан кредитларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 64,2 трилион сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,8 фоиз, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 8,2 фоиз кўп бўлди.

2021 йилнинг 5 ойи давомида иқтисодий фаолликнинг жонланиши ва хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳолатининг пандемиягача бўлган давр даражасига етиб бораётганлиги шароитида кредитларнинг қайтувчанлик даражаси ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан (56 фоиз) сезиларли даражада (70 фоизгача) ошди.

Май ойида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар 19,4 фоизни, юридик шахсларники бўйича эса 15,8 фоизни ташкил этди.

Депозитлар бўйича фоиз ставкаларнинг жорий инфляция ва инфляцион кутилмалар даражасидан юқори шаклланаётганлиги ҳамда алмашув курсининг нисбатан барқарор тенденцияси шароитларида миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажмининг сезиларли ошиши кузатилди.

Хусусан, январь-май ойларида миллий валютадаги жами муддатли депозитлар 19,6 фоиз ошган бўлса, жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари 27,4 фоиз ошди.