Маст ҳолда транспорт бошқарган ҳайдовчиларга жазо кучайтирилди

Маст ҳолда транспорт бошқарган ҳайдовчиларга жазо кучайтирилди

Ўзбекистонда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш 5 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиладиган ўзгартиришда кўзда тутилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида маст ҳолда машина ҳайдаганлик учун 5 йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва бошқа жазо чораларини оғирлаштиришни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритилиши кутилаётгани маълум қилинди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидовнинг сўзларига кўра, айни пайтда 8 та норматив ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, иккита қонун, битта президент қарори ҳамда тўртта ҳукумат қарори лойиҳалари тайёрланмоқда.

«Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маст ҳолда машина ҳайдаганлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 5 йил муддатга маҳрум қилишни кўзда тутувчи ўзгартириш киритилиши кўзда тутилган. Амалдаги тартибга кўра, транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсирида ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилинади.

Шунингдек, мазкур қилмиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (13,5 миллион сўм) миқдорида жарима солиниши қатъий белгиланмоқда. Амалдаги жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараварини ташкил этади», — дейди Олимжон Саидов.

Маст бўла туриб тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш муддати қатъий 3 йил этиб белгиланмоқда.