Махсус комиссия: Карантин чекловлари тугагани йўқ

Махсус комиссия: Карантин чекловлари тугагани йўқ

Хабарингиз бор, Республика Махсус комиссиясининг қарори билан карантин чекловлари 2020 йил 10 майга қадар амал қилиши белгиланган эди.

Шунга кўра айрим фуқароларда "11 майдан бошлаб карантин тугади" деган НОТЎҒРИ тушунчалар пайдо бўлмоқда. 

Аслида, карантин чекловлари бутунлай бекор қилингани йўқ. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 6 майдаги йиғилиш баёнига асосан, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш чоралари белгиланди.

Унга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалиши ва беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси тўғрисидаги маълумотлар таҳлили асосида ҳудудлар учта тоифага ("қизил", "сариқ", "яшил") ажратилди ва ҳар бир тоифа учун алоҳида чекловлар белгиланди.

Таҳлиллар мунтазам равишда амалга ошириб борилиб, олинган натижаларга кўра мазкур уч тоифага кирувчи ҳудудларнинг ҳар бирида чекловлар бекор қилиб борилади ёки кучайтирилади. 

Ҳудудлар жорий йилнинг 8 майидан бошлаб вилоятлар ҳамда 11 майдан бошлаб эса туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратилиб, ушбу тоифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширишга рухсат бериладиган (берилмайдиган) муайян фаолият турлари белгиланди.

Ушбу самарали тизим орқали мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳаётининг маълум маромда изга тушиши, карантин чекловларининг оқилона ва мақсадга мувофиқ тарзда амал қилиши таъминланади. Шунингдек, вирус тарқалиши ва эпидемиянинг жиловланиши ҳудудлар кесимида самарали мониторинг қилиб борилади.