«Меҳр-3» операцияси: Суриядан яна 98 киши Ўзбекистонга қайтарилди

«Меҳр-3» операцияси: Суриядан яна 98 киши Ўзбекистонга қайтарилди

Бугун, 8 декабр куни - мамлакат муҳим байрамни нишонлаётган тонгда Ўзбекистон президентининг ташаббуси ва назорати остида ўтказилаётган «Меҳр» операцияларининг учинчиси доирасидаги самолёт Тошкент аэропортига қўнди.

Шифокорлар, ҳарбийлар, жамоатчилик, турли идоралар вакиллари ва ОАВ иштирокида Суриядан қайтарилган 98 нафар ўзбекистонлик кутиб олинди. Самолёт зинасидан йиғлаб тушиб Ўзбекистон тупроғини ўпаётган 25 аёлнинг ёнида 73 нафар болаларнинг борлиги, уларнинг 14 нафари чин етим эканлиги операциянинг инсонпарварлик аҳамиятини тушунтиргандек бўлади.

Зеро, 2019 йилда «Меҳр» операциялари доирасида жами 220 киши Ўзбекистонга қайтарилиши турлича талқин қилинган, уларга бўлган эътибордан ҳайрон бўлингани ҳам ҳақиқат. Аммо ўзи тушунмаган ғоялар ортидан Яқин Шарқ талотўпларида сарсон бўлган ўзбекистонликларнинг болаларида гуноҳ йўқ. Айнан мана шу жиҳат бу масалага давлат даражасида эътибор қаратилишига сабаб бўлди. Яна бир томони, ҳамма давлатлар ҳам ўз фуқароларини қайтаришга ошиқмади. Пандемия даври, жанговар ҳаракатлар ҳануз давом этаётганига қарамай бу операция амалга оширилгани узоқ давом этган дипломатик жараёнлар натижасидир.

«Меҳр-3» операцияси доирасида қайтарилганлар бугуннинг ўзида махсус санаторийларга жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим-кечак билан таъминланади. Энди улар билан шифокорлар, руҳшунослар ва устозлар мунтазам иш олиб боради.