«Мен ‘замминистр’нинг иккинчи хотини бўламан». Тошкентдаги рейд давомида қоидабузар аёл ЙПХ ходимларига фаол қаршилик кўрсатди (видео)

«Мен ‘замминистр’нинг иккинчи хотини бўламан». Тошкентдаги рейд давомида қоидабузар аёл ЙПХ ходимларига фаол қаршилик кўрсатди (видео)

Тошкент шаҳрида ўтказилган тунги рейдларнинг бирида қоидабузар ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, жанжал кўтарди. Ҳолат тасвирланган лавҳа UzReport телеканали орқали эфирга узатилган.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг Учтепа туманида йўл-ҳаракати қоидаларини бузган Nexia-3 тўхтатилган. Бироқ машинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи аёл ЙПХ ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, ҳаракатланишда давом этган. Ходимлар томонидан тадбир ўтказилиб, қоидабузар тўхтатилган.

Бироқ ҳайдовчи ўзининг ҳужжатларини тақдим этмасдан, «укам» дея таништирган ёнидаги шахс билан ҳолатни тасвирга олаётган операторга қаршилик кўрсатган.

«Мен ‘замминистр’нинг иккинчи хотини бўламан. Ҳозир телефон қиламан, мана шу камерангиз учун жавоб берасиз», — дея аёл ЙПХ ходимига ҳужжатларини тақдим этмаган. Унинг ёнидаги фуқаро эса оператор ва ЙПХ ходимларига қўполлик қилиб, куч ишлатган. Ёрдамга етиб келган тезкор ходимлар зўравон йигитни ички ишлар идорасига олиб кетган.