«Менга Пахтачи номли туман ёқмайди. Нимага у Пахтачи бўлиши керак?». Президент Самарқанддаги туман номини ўзгартиришни таклиф қилди

«Менга Пахтачи номли туман ёқмайди. Нимага у Пахтачи бўлиши керак?». Президент Самарқанддаги туман номини ўзгартиришни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни Самарқанд вилоят фаоллар кенгашида Пахтачи тумани номини яқин келажакда ўзгартириш бўйича таклиф киритди. Бу  ҳақда «Gazeta.uz» хабар берди.

«Менга Пахтачи номли туман ёқмайди. Нимага у Пахтачи бўлиши керак? Бунинг тарихи йўқми? Кармана ва бошқа туманларнинг ўз тарихи бор. Тарихчилар туман тарихини ўрганиб, келажакда шошилмасдан фурсатдан фойдаланиб номини ҳам ўзимизга муносиб қилиб қўяйлик. Пахтачи деган ном, масалан, менга ёқмайди. Нима биз пахтачи бўлиб ўтиб кетаверамизми?», — деган Президент.

Йиғилишда, шунингдек, Пахтачи туманини ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжудлиги, аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун яна қандай ёрдам керак бўлса, берилиши таъкидланган.

Маълумот учун, Пахтачи тумани Самарқанд вилояти таркибидаги туман. 1935 йил 9 февралда Нарпай тумани ҳудудининг бир қисмида Пахтакор тумани номи билан ташкил қилинган. 1963 йилда яна Нарпай туманига қўшилган. 1973 йил 12 апрелда Пахтачи тумани номи билан яна Нарпай туманидан алоҳида туман қилиб ажратилган.

Туман хўжалиги, асосан, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган. Саноат, транспорт, алоқа корхоналари мавжуд. Туман аҳолиси пахтачилик, ғаллачилик, сабзавотчилик, полизчилик, чорвачилик ва пиллачилик билан шуғулланади.