Месси кўз ёшларини артган салфетка сотувга қўйилди

Месси кўз ёшларини артган салфетка сотувга қўйилди

Аргентиналик футболчи Лионель Месси “Барселона”дан кетиши муносабати билан ўтказилган матбуот анжуманида кўз ёшларини артган салфетка бир миллион доллар нархда сотувга қўйилди. Бу ҳақда Mercado Libre платформаси маълум қилди.

Футболчи 8 августда Камп Ноу стадионида ўтган хайрлашув тадбирида ўз нутқи олдидан кўзига ёш олган. Шунда унинг рафиқаси Антонела Рокуццо футболчига кўз ёшини артиши учун салфетка узатган.

11 августда Франциянинг “ПСЖ” клуби Месси жамоанинг янги аъзосига айланганини эълон қилди. 34 ёшли футболчи билан шартнома 2 мавсумга мўлжалланган бўлиб, уни яна бир йилга узайтириш имконияти кўзда тутилган. Месси клубда 30-рақам остида тўп суради. ОАВнинг ёзишича, футболчининг янги клубдаги йиллик маоши 35 млн еврони ташкил этади.