«Meta» компаниясининг 2022 йил иккинчи чорагидаги ҳисоботида даромад $28,82млрд.ни ташкил этгани қайд этилди. Бу 2021 йилнинг иккинчи чорагидагидан 1%га кам ($29,07 млрд). Мазкур натижа «Meta» компаниясининг тарихдаги йил давомидаги биринчи чораклик даромадининг пасайиши, деб ёзмоқда TechCrunch.
Компаниянинг операцион даромади $8,36 млрд.ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 32%га камайди, соф даромади эса 36% га камайиб, $6,69 млрд.ни ташкил этди.
CNBC маълумотларига кўра, «Meta» чоракда «Reality Labs VR» бўлимига $2,81 млрд сарфлаган. Бу харажатлар Марк Сукербергнинг компанияни «метаолам» йўналишини ривожлантиришни хоҳлаётганидан далолат беради, деб ёзади нашр.
«Meta»нинг собиқ операцион директори Шерил Сандберг ўзининг сўнгги ҳисоботида зарарни евро қийматининг пасайиши билан боғлади. Агар валютанинг долларга нисбатан қиймати тушмаганида, даромад 3% га ошган бўларди, деди у инвесторлар билан суҳбатда.