МИБ ходимларини ёқиб юбормоқчи бўлган аёл қандай жазо олди?

МИБ ходимларини ёқиб юбормоқчи бўлган аёл қандай жазо олди?

2020 йил 11 июнь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судланувчи Дилором Розиқовага нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.  Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди

Аниқланишича, 2020 йил 21 январь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М. Бекмуҳаммедов, бўлим бошлиғи ўринбосари Ф. Ибрагимов ва жами 23 нафар давлат ижрочилари билан биргаликда иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан уй-жойдан чиқариш юзасидан Самарқанд шаҳри Навоий-шох кўчаси 49-уй 16-хонадонда мажбурий ижро ҳаракатларини бошламоқчи бўлишган. 

Фуқаро Дилором Розиқова уй-жойдан чиқишдан қатъий бош тортиб, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларни устига қасддан улоқтириб юбориб, давлат ижрочиларини хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилган.

Суд ҳукмига кўра, Д. Розиқова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.