"Милан"нинг мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйилди

"Милан"нинг мағлубиятсиз сериясига "Ювентус" барҳам берди Италия А Сериясида 16-тур баҳслари ўз якунига етди. Сўнгги беллашув "Милан" ҳамда "Ювентус" жамоалари ўртасида кечди. "Сан Сиро" стадионида ўтказилган ўйин меҳмонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ҳисоб 18-дақиқада Федерико Кьеза томонидан очилди. Дибаланинг заргарона узатмасидан кейин қулай позицияга чиқиб борган футболчи Доннаруммани ожиз қолдирди. Миланликлар бу голга биринчи таймдаёқ жавоб қайтарди. Калабриянинг зарбаси дарвозанинг юқори бурчагидан жой олди. Бироқ иккинчи бўлимни бошқа даражада ўтказган туринликлар яна ҳисобда олдинга ўтишни уддалади. Бу сафар ҳам Кьеза "катта саҳнага чиқди". Мувозанатни тиклашга уринаётган "россонерилар"нинг барча умидини 76-дақиқада МакКенни йўққа чиқарди. Чап қанотдан рейд уюштирган Кулусевски шеригини тўп билан таъминлади ва Уэстон яқин масофадан дарвозани ишғол этди.

Шу тариқа, "Милан"нинг 27 ўйин давом этган мағлубиятсиз сериясини "Ювентус" тўхтатди. Пешқадамни таслим этган "кекса сеньора" ҳисобидаги очколар сони 30 тага етди ва улар турни 4-поғонада якунлади. "Россонерилар" 37 очко билан ҳамон карвонбошилик қилиб келмоқда.

Милан – Ювентус 1:3
Голлар: 0:1 – 18 Кьеза, 1:1 – 41 Калабрия, 1:2 – 62 Кьеза, 1:3 – 76 Маккенни.