Миллат Мустақиллигининг мезони

Миллат Мустақиллигининг мезони
Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритганига шу ҳафта 29 йил тўлади. Бир асрнинг сал кам учдан бир қисми! Жиддий давр. Мустақиллигимизга қадар бир ярим аср Россия назорати остида, мустамлакасида, таркибида бўлдик. Асрнинг учдан бир қисми ўтиб, ҳали ҳам Россия орбитасидан чиқиб кета олмадик.
 
Ахборот мустақиллигидан мутлақ узоқмиз: Ўзбекистон давлатининг цензура ва тотал назорат сиёсати натижасида ҳаттоки жамиятимизнинг минимал эҳтиёжларини қондира оладиган ахборот сиёсати шаклланмади. Кўриниб турибдики, Москванинг ахборот босими борган сари кучайиб боради. Ўзбекистонни ўз гравитациясига тортиш қобилияти кучайса кучаяди, пасаймайди.
 
Геосиёсий мустақиллигимизга босим, энди икки томонлама кучайиб боради. Шу пайтгача, Марказий Осиёни, жумладан Ўзбекистонни, асосан Россия “ўзи мафаатлари ҳудуди” сифатида кўрарди. Энди, Хитой Халқ Республикаси ҳам минтақада ўз хавфсизлиги ва манфаатлари билан боғлиқ стратегиясини парваришлаб бормоқда. Бу икки давлат, туркий миллатлар ва минтақаларнинг энг катта мустамлакачилари ҳисобланади. Иккаласи мустамлака қилиш ва ассимилация борасида бир мақсадни кўзловчи икки хил моделни намоён этади. Ташқи сиёсатда дунёдаги энг катта автократия марказлари ва глобал ҳимоячилари, дунёдаги йирик ўнталикка кирувчи исломга қарши марказлардан ҳисобланишади.
 
Вазият зиддиятли. Айнан мана шу икки давлат Ўзбекистоннинг биринчи ва иккинчи савдо-иқтисодий, молиявий ва сармоявий, сиёсий ва геосиёсий ҳамкорлари ҳисобланади. Бири, Ўзбекистоннинг ичида ҳар қадамда кўринса, иккинчиси, мутлақ кўринмайди.
 
Россия – ўтган икки асрда бизни назорат қилган бўлса, келажакдаги асрларда бизни назорат қилишга ХХР вазминлик билан ўз режаларини амалга ошириб бормоқда. Бундан кейин назорат қилиш учун куч ишлатиш зарур бўлмайди. Глобаллашув бошқарув ва назоратнинг янги инструментларига имкон беради. Янги даврда миллат назорат остига тушгач, онгли равишда, исёнларсиз, қаршиликларсиз таслим бўлиб боради.
 
Кейинги йиллар Россияни кузатиб, жуда кўплаб ўта салоҳиятли мутафаккирлар, интеллектуаллар Кремлга нисбатан мухолифатда эканлигини кўраман. Пионтковский, Соловей, Илларионов, Быков ва ҳ.к. – йирик ғоялар ва қадриятлар генераторлари, бугун бутун бошли Россия жамиятини Путин автократиясига қарши руҳлантирмоқда, келажакда бўладиган улкан ўзгаришларга маънавий асослар яратишмоқда.
 
Бу ўзгаришгларга Ўзбекистон ҳам тайёрланиши керак. Бир томондан, Ўзбекистон ичида кучли фуқаролик жамияти шакллантириш, давлат ва жамият ўртасидаги ишонч муҳитини кучайтириш керак. Бу ишларни амалга ошириш учун, яккашахслашган ва ўта марказлашган бошқарув моделидан анча чекиниш лозим бўлади. Иккинчи томондан, Россияда ўзгаришлар бошланганида, Ўзбекистон ўзининг ва минтақанинг геосиёсий, ҳамда ахборот мустақиллиги учун, жиддий лойиҳаларни тезлаштириши керак.
 
Глобаллашув якка шахслар учун кенг танлов имкониятлари даври бўлса, давлатлар ва цивилизациялар учун ҳолсизлантирувчи рақобат даври ҳисобланади. Бу даврда ўзликлар муттасил тўқнашувда ва заифлари ютилиш ҳолатида бўлади. Ўзбекистон давлат ва миллат сифатида ўз Мустақиллигини асраши ва кенгайтириши учун ҳар бир ўзбекистонлик эркин, фаровон ва малакали бўлиши керак. Ҳозирча эса, диктатурани Конституция ва ҳуқуққа даъват этгани учун ватандан сиқиб чиқарилган шахсларнинг элементар ҳуқуқлари ҳам тиклангани йўқ!

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.