«Миллатлараро низо сифатида кўрсатишга уринмоқдалар» – ИИВ расмий баёнот берди

«Миллатлараро низо сифатида кўрсатишга уринмоқдалар» – ИИВ расмий баёнот берди

Шу йилнинг 12 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Учтепа туманидаги кўп қаватли уйда яшовчи икки нафар фуқаро ўртасида жанжал чиққанлиги ҳақидаги видео тарқалди.

Ҳолат бўйича ички ишлар органлари томонидан зудлик билан қонуний чоралар кўрилиб, бу ҳақда жамоатчилик хабардор этилган.

«Бироқ, ҳозирда шундай вазият кузатилмоқдаки, айрим шахслар ва ижтимоий тармоқ фаоллари мазкур маиший зиддиятни миллатлараро низо сифатида кўрсатишга уринмоқдалар», дейилади ИИВ баёнотида.

Қайд этилишича, ушбу маиший низо айрим деструктив кайфиятдаги фуқаролар ва ижтимоий тармоқлар фаоллари томонидан худдики миллатчилик асосига эгадек кўрсатиб тарқатилиши Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат назорати тўғрисида»ги Қонуни талабларининг бевосита бузилиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий қарашлари ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга.

Фуқаролар ўртасида юзага келган низолар фақат ҳуқуқий тартибда ҳал этилади.

ИИВ миллий, ирқий, этник ёҳуд диний масалаларда адоватни қўзғатувчи ахборотларни тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтган.