Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси борасида расмий баёнот билан чиқди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси борасида расмий баёнот билан чиқди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳаси миллий ОAВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда.  

Ушбу лойиҳа консептуал нуқтаи назардан илк кўриб чиқишдаёқ депутатларнинг 98,4% томонидан маъқулланди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ушбу қонун лойиҳаси борасида расмий баёнот билан чиқди. 

Шуни таъкидлаш жоизки, реклама хусусий ОAВ фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади. Шубҳасиз, ушбу қонун лойиҳасини ҳозирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган шаклда қабул қилиш мамлакатнинг бутун медиа бозори молиявий барқарорлигига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказади ва телерадиоканаллар ўз йиллик даромадидан миллиардлаб сўм йўқотишига олиб келади. 

Хусусан, лойиҳада товарларнинг такрорий рекламасини бир блокда жойлаштиришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Бир маҳсулот учун рекламаларни битта реклама блокида жойлаштириш амалиёти бутун дунёда қўлланилади ва кўпинча бу амалиётга йирик халқаро реклама берувчилар (инвесторлар) мурожаат қилишади. Масалан, аксарият компаниялар бутун дунё бўйлаб имидж рекламасини ўтаказиш билан бир вақтнинг ўзида алоҳида бозор акцияларини фаоллаштириш учун ҳам реклама тарғиб қилади. Шу ўриннда, реклама роликлари, уларнинг моҳияти ва мақсади ҳар хил бўлиши мумкин, аммо маҳсулот бир ва маркетинг стратегиясига кўра, уларни битта реклама блокига жойлаш мумкин.

Шунингдек, рекламанинг умумий ҳажми бир соатлик эфир вақтининг 15 фоизидан ва кунлик эфир вақтининг 10 фоизидан ошмаслиги кераклигини белгилаш таклиф қилинмоқда. Хорижий амалиётни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, AҚШ, Япония, Жанубий Корея сингари кўплаб мамлакатлар телерадио каналларида реклама вақтини чеклашлар мавжуд эмас. Европа иттифоқи, Марказий Осиё, Индонезия, Озарбайжон, Белорус каби бир қатор бошқа мамлакатларда реклама телерадио каналларининг кунлик эфир вақтининг 20-25 фоизидан ошмаслиги керак экан.

Қонунда унинг таъсир доираларини аниқлаш муҳим.

Масалан, ОAВ сайлов олдидан номзодларнинг тарғибот ва бошқа турдаги реклама материалларини эфирга узатишга ва ўз саҳифаларида жойлашга мажбур бўлади. Бундай ҳолда, ушбу роликларнинг ҳажми реклама учун ажратилган умумий эфир вақтидан ҳисобланмаслиги керак.

Фонд 30 дақиқа давом этадиган телерадио дастурларда ОAВ таҳририятларига лойиҳада кўрсатилган 3 дақиқа ўрнига 5 дақиқалик реклама блокини жойлаштиришга рухсат берилиши керак, деб ҳисоблайди. Ишончимиз комилки, ҳеч бир ОAВ таҳририяти томошабинлар сонини йўқотиб, уларнинг қизиқишларига зарар келтирадиган реклама блокларини шакллантиришга йўл қўймайди.

Маълум бир товар ва хизматларнинг ижтимоий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, шахсий гигиена воситалари, тиббий хизматлар, шунингдек, она сути ўрнини босувчи ёрмалар каби озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига тақиқнинг заруриятини яна-да чуқурроқ ўрганиш керак.

Ҳозирда реклама берувчиларни жалб қилишда қийналаётган босма ОAВлар ҳам чекланган реклама ҳажмидан сезиларли зарар кўради.

Бунинг оқибатида Ўзбекистонда реклама учун талаб бозорда мавжуд бўлган миллий телерадиоканаллар таклифидан анча юқори бўлиши юзага келади. Натижада эса, реклама берувчилар сунъий равишда чет эл телеканаллари ва хорижий Интернет платформаларига суриб қўйилади, уларнинг даромадлари эса Ўзбекистон иқтисодиётига кирмайди ва бизда солиқ солинмайди.

Шунингдек, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳаддан ташқари юқори жарималар қўлланилиши жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлмоқда.

Март ойида Фонд ушбу қонун лойиҳасининг асосий ташаббускори ва ишлаб чиқувчиси бўлган Монополияга қарши курашиш қўмитасига ушбу қонун ҳужжатининг қабул қилиниши натижасида юзага келадиган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган таклиф ва тавсияларини юборди. Бироқ ушбу таклифлар парламент муҳокамасига тақдим этилган лойиҳада акс эттирилмаган.

Фонд парламентнинг “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда муҳокама қилиш ва янада ривожлантиришга барча манфаатдор томонларни, авваламбор, оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Aгар жоиз бўлса, Фонд лойиҳанинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бу каби муҳокамасининг ташкил этилишида ёрдам кўрсатишга тайёр.

Шарҳлар