“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодировнинг Қорақалпоғистон Республикасида сайловолди учрашуви бўлиб ўтди

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодировнинг Қорақалпоғистон Республикасида сайловолди учрашуви бўлиб ўтди

Маълумки, мамлакатимизда жорий йилнинг 24 октябрь куни катта тарихий, сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Шу муносабат билан айни кунларда жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловчилар билан сайловолди учрашувлари ўтказилмоқда.

5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировнинг Нукус шаҳри, “Ёш томошабинлар” театрида  300 нафарга яқин сайловчилар ва кенг жамоатчик вакиллари билан учрашуви ташкил этилди.
Учрашувни номзоднинг ишончли вакили Тажибай Романов очиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировнинг таржимаий ҳоли билан таништирди ва барчани бўлажак сайловларда партия номзоди қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шундан сўнг Президендликка номзод Алишер Қодиров ўзининг сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифаларни бирма-бир тушунтириб, йиғилганларга атрофлича маълумотлар бериб ўтди.
Номзод ўз сўзида бугун Қорақалпоғистонда ҳаёт бутунлай ўзгариб бораётганини, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқлар, маҳаллалар янгича қиёфа касб этаётгани, айниқса сўнги беш йилда замонавий корхоналар, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ва ижтимоий соҳанинг бошқа объектлари, коммуникация тармоқлари қурилаётганини таъкидлади.

Шунингдек Алишер Қодиров охирги беш йилликда Қорақалпоғистон Республикасининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги тутган ўрни тобора ошиб бораётганлиги, бу эса янги ренессанснинг асосини ташкил этишини айтиб ўтди ва Қорақалпоғистон Ажиниёз, Бердақ, Кунхўжа, Тўлепберген Қайипберганов, Ибройим Юсупов ва бошқа кўплаб қорақалпоқ адабиёти намоёндаларига Ватан эканлиги, бу юрт азизлар қадами етган мўтабар замин эканлигини эътироф этди.

Маълумки Алишер Қодиров “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори остида “Инсон ўзгарса жамият ўзгаради” ғоясига таянган ҳолда ўз сайловолди дастурларини тақдим этмоқда. Бугунги учрашувда ҳам номзоднинг айнан бешта устувор йўналиш ва 40дан ортиқ вазифаларни ўзида акс эттирган сайловолди дастури янгича ва таъсирчан тарғибот усуллари орқали сайловчиларга етказилди.

Шундан сўнг номзод сайловолди дастуридаги асосий вазифаларга сайловчиларнинг эътиборини қаратди. Қайд этилишича, номзоднинг сайловолди дастурида таълим-тарбия соҳасида, давлат бошқаруви тизимида, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича, ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш, ташқи сиёсат соҳаларида қатор янги ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, парламентда депутат эмас, партияларнинг кучли бўлиши учун тизим яратиш бўйича ташаббуслари, қонунчилик палатасида депутатлар сонига қараб, вазирликлар портфели тақсимланиши,  Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари ва фаолияти қайта кўриб чиқилиши, маҳаллий кенгаш раисининг бир вақтнинг ўзида хоким бўлиши тажрибаси батамом тугатилиши, маҳаллий кенгашларнинг ижро хокимиятини шакллантиришдаги роли ва назорат қилиш функциялари кескин кучайтирилишига оид ташаббуслари  йиғилганларда ўзига хос таасурот қолдирди.

Ҳусусан, жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилиши, жазони ўтаб, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятга тез ва самарали мослашиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилиши, адвокатлик институти ислоҳ қилиниб, жозибали адвокатура тизими шакллантирилиши, молиявий имконияти чекланган фуқаролар мурожаат қила оладиган янги институт ташкил этилишига оид таклифлари мухокама марказида бўлди.

Қайд этиш ўринлиги, номзод Алишер Қодиров ўз дастурида таълим ва тарбия масалаларига устуворлик берган. «Таълим инспекцияси» Олий Мажлис ҳузурида қайта ташкил қилиниши, педагоглар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ этилиши, тарбиянинг ажралмас қисми сифатида Миллий киноиндустрия  ислоҳ қилиниши тўғрисидаги ташаббуслари шулар жумласидандир.