"Миллий тикланиш" партиясидан чиқарилган депутат бошқа партияга аъзо бўлганини маълум қилди

Қобул Дусов Ўзбекистон Халқ Демократик партиясига аъзо бўлди. Бу ҳақида у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди. "Ўзбекистон Халқ Демократик  Партияси электорати бўлган, ижтимоий ҳимояга мухтож аҳоли корига яраш, уларни ҳам маънан, ҳам моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида шу партия сафида бўлишни ният қилдим...

Қолаверса ушбу партия аъзоларининг аксарият қисми халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш тизими вакиллари экани ҳам мени қувонтирди. Бугунги кунда мен давом эттираётган таълимнинг кейинги босқичидаги мавзуим ҳам айнан шу ҳақида. ( Яъни илмий ишим мавзуси)  ЎзХДП раҳбариятининг самимий тилаклари учун ташаккурларимни изҳор этаман! Юртимиз, миллатимиз келажаги ва равнақи йўлида бор имкониятимни ишга солишга сўз бераман! Мен Ўзбекистон ХДП аъзоси бўлдим", - деб ёзиб қолдирган Дусов.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябр ойида "Миллий тикланиш" партияси депутати бўлган Қобул Дусовнинг депутатлик ваколати муддатидан аввал тўхтатилган эди.