Мирзиёев келаси ҳафта Имрон Хон билан муҳим масалаларни муҳокама қилади

Мирзиёев келаси ҳафта Имрон Хон билан муҳим масалаларни муҳокама қилади

Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон 14 апрель куни видеоанжуман шаклида учрашув ўтказади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, тадбир кун тартибидан икки томонлама амалий шериклик ва минтақавий ҳамкорлик масалалари ўрин олган. Асосий эътибор Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда илгари суриш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, икки мамлакатнинг етакчи корхона ва компаниялари ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш, авиақатновларни тиклаш, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувларни ривожлантиришга қаратилади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқади. Саммит якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва таълим соҳаларига оид қатор қўшма ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.