Мирзиёев ва Эрдўған Тошкент вилоятида ИЭСни ишга туширди (фото)

Мирзиёев ва Эрдўған Тошкент вилоятида ИЭСни ишга туширди (фото)

Кеча, 29 март куни Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа – Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди.

Маълумотга кўра, ушбу лойиҳалар Туркиянинг "Cengiz Enerji" компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маросимда нутқ сўзлар экан, лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталган, ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган.

Охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга ошилгани алоҳида қайд этилган

Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етиши айтилади.

Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланди. Улар қўшимча 71 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини яратади, йилига 12 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

"Давлатимиз раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб бердилар",-дейилади Президент матбуот котиби хабарида.

Маълум бўлишича, Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.