Мирзиёев ва Жапаров “Хитой – Ўзбекистон” темир йўлини қуришни муҳокама қилди

Мирзиёев ва Жапаров “Хитой – Ўзбекистон” темир йўлини қуришни муҳокама қилди

Бугун, 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тонгда Истанбул шаҳрида ўтаётган Туркий кенгаш саммити доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашув ўтказди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарларининг жорий йил март ойида Тошкентда ўтган учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

"Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари ортмоқда, авиақатновлар кўпаймоқда. Машинасозлик, электротехника, энергетика, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа тармоқларда, шу жумладан янгидан ташкил этилган Қўшма инвестиция жамғармаси ресурсларини жалб қилган ҳолда истиқболли кооперация лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Маданий алмашинувлар кенгаймоқда, муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда", дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини жадал илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, минтақавий ҳамкорлик, шу жумладан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги шерикликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.