Мисрда археологлар уч минг йиллик шаҳарни топди

Мисрда археологлар уч минг йиллик шаҳарни топди

Захи Хавасс бошчилигидаги мисрлик археологлар Луксор (Мисрнинг жанубидаги шаҳар) яқинидан қум остига кўмилиб кетган уч минг йиллик шаҳарни топди. Бу ҳақда Мисрнинг Ahram Online газетасига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Шаҳарга Мисрнинг энг буюк ҳукмдорларидан бири, эрамиздан аввалги 1391—1353 йилларда мамлакатни бошқарган 18-сулоланинг тўққизинчи ҳукмдори Аменхотеп III томонидан асос солинган.

«Кўплаб чет эллик тадқиқотчилар бу шаҳарни излади, лекин топа олмади», — деди Хавасс.

«Шаҳарнинг баъзи деворлари уч метргача етади. Биз шаҳарнинг ғарбий томонга — машҳур Дайр-ал-Мадинага қадар чўзилганини биламиз», — деб давом этди Хавасс.

Қазишма ишлари 2020 йилнинг сентябрь ойида бошланган эди ва жамоа турли жойларда тупроқдан ясалган ғиштлар топа бошлади. Натижада улар деворлари ва хоналари деярли тўлиқ сақланиб қолган, ичи кундалик буюмлари билан тўлдирилган шаҳар биноларини топди. Унга «йўқолган олтин шаҳар» номи берилди. Аменхотеп III нинг муҳрлари туширилган заргарлик буюмлари, рангли лойдан ишланган идишлар ва лойдан ясалган ғиштлар каби кўплаб археологик топилмалар шаҳарнинг тарихийлигини тасдиқлади.

Тарихий шаҳар Мадинат-ҳабудаги Рамзес III мақбараси ва Мемнондаги Аменхотеп III мақбараси орасида жойлашган. Мисрлик тадқиқотчилар бу ҳудудда Тутанхамон мақбарасини топиш мақсадида иш бошлаган эди, лекин бунинг ўрнига Миср империяси даврига тегишли энг йирик маъмурий аҳоли пунктини топди.