Моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда

Моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда

Жорий йилнинг 31 январь куни Олий Мажлис Сенати йигирма учинчи ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар муҳокама этилди.

Мажлисда Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идора мутасаддилари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Сенат ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама қилинадиган масалаларнинг мазмун-моҳияти қисқача тушунтирилди. Шундан сўнг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Муҳокама жараёнида сенаторлар ушбу Қонунни қабул қилишга бўлган эҳтиёж, давлат ва жамиятга қандай фойда бериши каби жиҳатларга эътибор қаратдилар.

Ҳужжат соҳадаги мавжуд муаммоларнинг қонуний ечимини белгилаш мақсадида Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган. Унда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, дастлабки тергов ўтказишни прокуратура органларига юклаш, Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатма ва тақдимномаларини белгиланган муддатда тўлиқ бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.

Шунингдек, Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг маъқулланиши мамлакатимиздаги моддий маданий мерос объектларини, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар ва ҳудудларни муҳофаза қилишда, уларнинг ноёблигини сақлаб қолишда, келажак авлодга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Мажлисда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси юзасидан Ҳукумат вакилларининг ахбороти эшитилди.

Давлат дастурининг ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш қисми бўйича фикр алмашилди, Қўмитанинг бу борада Навоий вилоятида олиб борган ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилди.

Қўмита раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2020-2021 йиллардаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Муҳокамалар сўнгида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.