Moderna ўзининг вакцинаси коронавируснинг оғир шаклига қарши 100 фоиз самара беришини маълум қилди

Moderna ўзининг вакцинаси коронавируснинг оғир шаклига қарши 100 фоиз самара беришини маълум қилди

Американинг Moderna компанияси коронавирусга қарши вакцинаси дастлабки таҳлилда 94,1 фоиз, касалликнинг оғир шаклида эса 100 фоиз самарадорлик кўрсатганини маълум қилди. Meduza’нинг ёзишича, бу ҳақда компаниянинг вакцинани АҚШда рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжат топшираётгани тўғрисидаги хабарида маълум қилинган.

Синовда жами 30 мингдан ортиқ одам иштирок этган. Улардан 196 нафари COVID-19’га чалинган. Шундан 185 нафари плацебо олган ва 11 нафари вакцина олган кўнгиллилардир. Бу ҳолатда, компания хулосасига кўра, вакцина самарадорлиги 94,1 фоизни ташкил этди.

Тажрибада иштирок этаётганларнинг 30 нафари COVID-19’нинг оғир шакли билан касалланган — улар вакцина ўрнига плацебо олган кишилардир. Вакцина олганларнинг эса ҳеч бири вируснинг оғир шаклига чалинмаган, бу эса вакцинанинг шундай ҳолатларда 100 фоиз самарадорли эканлигидан далолат беради.

Moderna тадқиқоти давомида плацебо олган бир киши коронавирусдан вафот этган.

16 ноябрь куни Moderna вакцинаси III босқич синовларида 94,5 фоиз самарадорлик кўрсатгани ҳақида маълум қилган, аммо бу тахмин 95 та ҳолатни таҳлил қилишга асосланганди.

Ноябрь ойида Pfizer ва BioNTech ўзининг BNТ162б2 вакцинаси учинчи босқич синовларида 95 фоиз самарадорлик кўрсатганини эълон қилди. Россиянинг «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарувчилари унинг самарадорлигини 95 фоиздан ошганини билдирди. AstraZeneca Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиқарилаётган вакцинасининг самарадорлиги 70 фоизни ташкил этганини маълум қилган.