"От айланиб, қозиғини топяпти".Барчаси лотин алифбесини ислоҳ қилиш бўйича эълон қилинган янги лойиҳа ҳақида

Лотин алифбесини ислоҳ қилиш бўйича эълон қилинган янги лойиҳа билан танишгач, ақлимга келган илк фикрни сарлавҳага ёздим. Лойиҳа 1993-йили қабул қилинган қонундаги кўринишидан деярли фарқ қилмайди. Мустақилликнинг илк йилларида туркий халқлар бирлигига асос бўла оладиган алифбемиз марҳум президент Туркияга ачичиқланиши оқибатида ислоҳ қилинган, туркча алифбедагига ўхшаш ҳарфлар ҳозирги бесўнақай кўринишдагиларига алмаштирилган, тилчи олимларимиз зўраки алифбени президентга "қуллуқ" қилиб, тақдим қилиши билан якунланганди. Куни-кеча халқ ҳукмига ҳавола қилинган янги лойиҳанинг 1993-йилги алифбе билан деярли фарқи йўқ. 

Мен Туркияда магистрлик даражасини олганман. Турк ва озарбайжон алифбелари бир-бирига жуда яқинлиги учун улар яхши англашади. Алифбемиз қардошларимизга яқин бўлишини истаб, мақола ва видео кўринишида берган таклифларим инобатга олинмабди.

Ўзбек алифбесидаги энг катта камчилик бу бутун дунёда Ў ўлароқ қабул қилинган ЎРТОҚ сўзининг биринчи бўғинидаги Ў ва туркий халқлар ичида фақатгина ўзбек алифбесида учрайдиган иккинчи бўғиндаги О ҳарфи билан боғлиқдир. Аслида, ўзбекларнинг аксарияти сўз ясовчи -ОҚ қўшимчали сўларни -АҚ деб талаффуз қилишади: ЎРТАҚ, ЎЙИНЧАҚ, БЎҒИРСАҚ каби. Бу эса бошқа туркий халқлар билан яқинлик белгисидир. 

Шунинг учун, ОСМОН сўзидаги О товушини ифодалаш учун А ҳарфи шундоқлигича ёки устига чизиқ ёхуд икки нуқта қўйиб қўлланилиши мақсадга мувофиқдир. Шунда, О ўз ўрнини топади. Устида икки нуқтали Ö эса ÖЗБЕК, ÖТ ПУФАГИ каби сўзлар учун ишлатилаверади.
Бир қарашда, ОСМОНни АСМАН деб ёзиш кўпчиликка эриш туюлиши мумкин. Лекин, кўпчилик билган ўрис тилида ҳам О ҳарфи билан ёзилиб, А деб талаффуз қилинадиган минглаб сўзлар учрашини эсдан чиқармаслик зарур: ХОДИТ’ - ҲАДИТ’, МОЛОДОЙ - МАЛАДОЙ, МОЛОКО - МАЛАКО, РОССИЯ - РАССИЯ, ГОРА - ГАРА каби. Қолаверса, ўзбек тилида и деб ёзилгани билан, аслида бутунлай бошқача талаффуз қилинадиган сўзлар тиқилиб ётибди.

Турк алифбесида И товуши учун иккита ҳарф ажратилган И ва И. Биз БИР, ҚИЛ, ИРМОҚ, ҚИРҚ деганимиз билан ИНСОН сўзидаги И каби эмас, балки Э товушига яқин талаффуз қиламиз. Ўрисчадаги И ҳарфи ҳаддан ташқари йўғонлиги учун бизга тўғри келмайди. Лекин, бу ҳарф нуқтали ва нуқтасиз икки хил кўринишда қабул қилинса, алифбе нафақат ўзбек, балки бошқа туркий халқлар тилига яқин бўлиши ҳам таъминланади.

Ҳам кирил, ҳам лотин алифбеларида НГ дифтонгига алоҳида белгили ҳарф ажратилмагани тилимиз бузилишига олиб келди. Лекин, нимагадир бу ҳақда тилчи олимлар ҳеч қайғуришмаяпти. Менинг раҳматли отам ва бошқа кексалар "ўзи-нгиз, қили-нгиз" деб гапиришлари ҳалигача қулоқларим остида ёқимли жаранглаб туради. "Ўтган кунлар" бадиий филмида "бори-нгиз, кели-нгиз" деб талаффуз қилинган сўзлар ҳозир "борин-гиз, келин-гиз" дейилиши ачинарли ҳолдир. Бу сўзлар талаффузига хос бўлмаган сунъий Г товуши пайдо бўлди. Шу ўринда, турклар ҳалигача вари-низ, гели-низ деб гапиришларига эътиборингизни қаратмоқчиман.

Мен юқорида ислоҳ қилинган алифбе ўзининг кичкина қобиғига ўралашиб қолмаслиги учун берган таклифларимнинг асосий қисмини билдирдим, холос. Афсуски, таклиф қилинган шунча ҳарфлар яна ахлатга супуриляпти. Яна, дунё кўрмаган уч-тўртта "олим" айтган вариант тиқиштириляпти.

Инқилобий ўзгариш қилишга қўрққан давлатларда иқтисод ҳам, сиёсат ҳам, ижтимоий соҳалар ҳам ўлда-жўлда бўлиб қаверади. Қўрққоққа қўш кўринар" деб ҳадиксирайвермай, мавриди келганида алифбемизни дадил ислоҳ қилиш зарур, токи янги авлод кўзи ўнгида салкам ўттиз йил шувут бўлган юзимиз бир йўла териси билан тўкилиб тушмасин!

"Тилимизни дунё тиллари даражасига чиқарамиз, Ўзбекистонни дунё тан оляпти" деган дабдабали гаплар билан аравани қуруқ олиб қочиш бутун бошли халқни кулгили аҳволга солаётганини англаш пайти келди. Бақа ботқоқда ётиб, "дунё шу бўлса керак" дер экан. Бақага айланиб қолишган худо сақласин.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.