Молия вазирлиги МҲХС стандартларини қўллаш бўйича халқаро экспертлар фикрини эълон қилди

Молия вазирлиги МҲХС стандартларини қўллаш бўйича халқаро экспертлар фикрини эълон қилди

Молия вазирлиги МҲХС стардартларини қўллаш бўйича корхоналарни қўллаб қувватлаш мақсадида www.buxgalter.uz ва МҲХС бўйича эксперт мутахассислар билан ҳамкорликда МҲХС стандартларининг қоидалари бўйича экспертлар фикрини  эълон қилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда молиявий ҳисобот ва аудит бўйича 16 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган МҲХС Фонди экспертлар қўмитаси аъзоси, «FCS Experts» МЧЖ бош директори Даврон Якубов CPA 8-сон БҲХС Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар бўйича ўз профессионал фикрлари билан бўлишди.

БҲХС ўз номида қамраб олган учта алоҳида мавзуни ҳисобга олиш ва ёритиб бериш талабларини кўрсатиб беради. Булар:

  1. Ҳисоб сиёсатини танлаш ва қўллаш, шунингдек ундаги ўзгаришлар;
  2. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар;
  3. Ўтган давр хатолари ва уларни тузатиш.

Юқоридаги ҳар бир мавзуни бирма-бир шарҳлашга ўтишдан олдин, 8-сон БҲХС нинг 1-сон “Молиявий ҳисоботни тақдим этиш” билан боғлиқ жойларини ёритиб ўтиш зарур. Ушбу стандартлар билан бир қаторда “Молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг концептуал асослари”,  менинг фикримча, халқаро стандартлар асосида тузилган молиявий ҳисоботнинг асосий тамойиллари ва омилларини ёритиб беради. Шунинг учун, бу учта хужжатнинг талабларини ва негизини тушунган ҳолда, бошқа махсус стандартларни қўллаш лозим. Масалан, 1-сон БҲХСнинг 7-бандида молиявий ҳисобот учун зарур бўлган ва 8-сон БҲХСга ҳам боғлиқ бўлган “муҳимлик” атамасига таъриф берилган.

Биринчи навбатда, мамлакатимиз учун нисбатан янги бўлган ушбу стандартларни кўп йиллар давомида миллий стандартлар асосида ишлаб келаётган бухгалтерия мутахассислари учун ўз шарҳларимни қиёсий таҳлил қилиб, МҲХСни БҲМСга (Бухгалтерия Ҳисоботининг Миллий Стандартлари) таққослаш асосида кўрсатишни лозим топдим. Иккинчидан, мақола оҳирида ушбу стандартнинг ҳамма талабларини жамловчи, иложи борича қисқа ва лўнда шаклда 1-саҳифали жадвал доирасида хулоса қиламиз.