Москва - Бишкек: Россия Қирғизистонга кўмакка келадими?

Москва - Бишкек: Россия Қирғизистонга кўмакка келадими?

Расмий Кремлнинг айтишича, Қирғизистон хаос ичида ва бу вазият ўнгланиши керак. Москва ҳозирча Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековга бошпана бериш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар берди.

Қирғизистон Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиси ва стратегик шерикларидан бири бўлади.

Қирғизистон Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлат саналади.

Қирғизистон Марказий Осиёнинг Россия ўз ҳарбий базаси ва иншоотларига эга иккита давлатидан биттаси ҳам бўлади.

Марказий Осиёнинг юз минглаб фуқаролари Россияда меҳнат муҳожирлигида банд учта мамлакатидан бири экани кўрилади.

Оммавий намойишлар ва тартибсизликлар билан кечган ўтган беш кун ичида Россия президенти матбуот котиби Қирғизистондаги вазиятга икки бор эътибор қаратган.

Дмитрий Песков кеча, пайшанба кунги брифинг чоғида яна Қирғизистондаги вазиятга тўхталган.

"Қирғизистон хаос ичида экани ва Москва хавфсизлик шартномаси доирасида мамлакатнинг буткул парокандаликка учраши олдини олишга масъул бўлгани"ни айтган.

Шундай деркан, Путин матбуот котиби Россия бунинг учун нима қилиши мумкинлиги тафсилотларига тўхталмаган.

Мамлакатда ҳокимият кимнинг қўлида қолаётгани ҳануз номаълум.

Президент Жээнбеков ўзининг бугун халққа қилган видеомурожаатида, "Ижро этувчи ҳокимиятнинг қонуний раҳбарлари тасдиқланиб, мамлакат қонунийлик йўлини тутгандан сўнг лавозимини тарк этишга тайёр"лигини баён қилган.

Аммо Песков Россия Федерал Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Ботников чоршанба куни қирғизистонлик янги ҳамкасби Омурбек Суваналиев билан мулоқотда бўлганини маълум қилган, суҳбат тафсилотларини эса, очиқламаган.

Кремль вакили айнан, "Суваналиевнинг саъй-ҳаракатлари Қирғизистондаги вазиятнинг барқарорлашишига ёрдам бериши"га умид қилиб қолган.

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари вазифасини бажарувчи Омурбек Суваналиев Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси раиси ҳам бўлади.

У раҳбарлик қилувчи қўмита кеча, пайшанба куни баёнот билан чиққан.

"Қирғизистон хавфсизлик кучлари бирор бир партия томонидан восита сифатида фойдаланилмаслиги"ни баён қилган.

"Мамлакатдаги барча сиёсий кучларни музокаралар ва қонун устиворлигини таъминлаш"га чақирган.

4 октябрь кунги зиддиятли президент сайлови ортидан, Қирғизистонда турли мухолиф гуруҳларнинг ҳокимият учун кураши ҳануз тинмаган.

Дмитрий Песков Россиянинг Қирғизистондаги сўнгги воқеаларга муносабатини дастлаб 6 октярь куни расман очиқлаган.

"Кремль Қирғизистондаги воқеалардан хавотирда экани"ни билдирган.

"Барча томонлар Конституцияга амал қилишларига умид қилаётгани"ни айтган.

Худди шу асосда "вазиятга тезда ечим топишларига кўз тикаётгани"ни ҳам таъкидлаган.

"Қирғизистондаги вазиятни тартибга солиш қирғизларнинг ўзлари ўртасидаги ички диалог масаласи" эканини айтганди.

Қирғизистондаги сўнгги воқеалар эса, Сооронбой Жээнбековнинг Россияга ташрифидан саноқли кунлар ўтиб бўй кўрсатган.

Сочида ҳар икки давлат президентларининг стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада мустаҳкамлашга оид долзарб масалаларни муҳокама этишлари айтилганди.

Дмитрий Песковнинг кеча, пайшанба куни айтишича, Москва ҳозирча Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековга бошпана бериш масаласини кўриб чиқаётгани йўқ, унинг Россияга ташрифи борасида ҳам бирор бир маълумотга эга эмаслар.

Шунда ҳам, Песков Қирғизистондаги вазиятга батафсил баҳо беришдан қочган, "у ерда аниқ нималар юз бераётганини маҳаллий одамларнинг ўзларидан сўраш керак"лигини айтган.

Омурбек Суваналиев эса, Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига истеъфо бераётган ҳукумат мулозимлари илова бирор бир кишининг жавобгарликдан қочиб қутилмаслиги учун Қирғизистон чегараларида назоратни кучайтираётганликларини айтган.

Қирғизистондаги сўнгги тартибсизликлар Россия бефарқ бўлмаган Беларусь ва Тоғли Қорабоғдаги воқеалар манзарасида бўй кўрсатмоқда.

Икки давлат президентларининг телефон суҳбатларига оид расмий хабар ҳалича кўзга ташланмайди.

Бунгача Ўзбекистон, Хитой, АҚШ ва Туркия ҳам "Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги доирасида тезда барқарорлашувига умид қилиб қолишган".