Москва хавфсизлик бўйича Вашингтон хатига жавоб йўллади

Москва хавфсизлик бўйича Вашингтон хатига жавоб йўллади

Америка Қўшма Штатлари Россия Федерациясидан хавфсизлик ҳамда Украина атрофидаги жараёнларни қалтислаштирмаслик бўйича таклифига жавоб олди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили ТАССга маълум қилган

“Биз Россиядан ёзма жавоб олганимизни тасдиқлашимиз мумкин”, - деган у. 

Шу билан бирга, у хат тафсилотларига тўхтатилишни рад этди. 

“Музокараларни очиқча олиб бориш самарасиз бўлади, шунинг учун биз Россия жавобини муҳокама қилиш имкониятини қолдирамиз, албатта, улар буни истаса. Биз ушбу масалаларни ижобий ҳал этиш учун сиёсий мулоқотга тўла содиқ қоламиз ҳамда иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз, хусусан, Украина билан мувофиқлаштиришни давом эттирамиз”, - деган мулозим. 

РФ ТИВ 2021 йил 17 декабрда Вашингтон ва НАТОдан кутаётган хавфсизлик кафолатларига доир ўз лойиҳаларини эълон қилган эди. АҚШ ва НАТО аъзолари билан имзоланиши таклиф этилган 2та шартнома алянсни шарқ томон кенгайтириш, шу жумладан, Украинани унинг таркибига қўшиб олиш ғоясидан воз кечиш, шунингдек, ядро қуроллари каби жиддий ҳужум қуроллари жойлаштиришга чекловлар киритишни назарда тутади. 

Бу борада турли шаклларда бир неча маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди, бироқ, ҳозирча бирорта келишув ҳақида эълон қилинмади. Ғарб эса, Россиянинг Украинага ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани важидан мунозараларни тўхтатишни маъқул кўрган эди. 

26 январ куни АҚШ ва НАТО Россия томонининг хавфсизлик кафолатларига доир таклифларига ёзма жавоб берганди. Америка томони ушбу ҳужжатларнинг матнини эълон қилмасликни сўраган бўлса-да, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг жавоб хатидаги асосий жиҳатларни санаган эди. 

Ўша баёнотларга мувофиқ, Ғарб дунёси Россия учун ўта муҳим бўлган ёнберишларга бормади. Аммо, бўлажак музокараларнинг йўналишини белгилаб берганди. Америка томони Россиядан олган ҳужжати Москванинг Вашингтон таклифларига жавоби ҳисобланади.