Москвада муҳожирлар «Спутник Лайт» вакцинаси билан пуллик асосда эмланади

Москвада муҳожирлар «Спутник Лайт» вакцинаси билан пуллик асосда эмланади

Москва мэриясида 17 июнь куни мэр Сергей Собянин ва бир қатор россиялик тадбиркорлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда коронавирус тарқалишига қарши чекловлар, бизнес учун чекловларнинг узайтирилиши, «Covid-19’дан холи бўлган ҳудудлар» ва муҳожирлар учун вакциналар муҳокама қилинди. Мажлисда, шу жумладан, меҳнат муҳожирларини эмлаш масаласи кўриб чиқилди, деб хабар қилади Forbes.

Мэрия ва бизнес муҳожирларни зудлик билан эмлаш керак, деган ягона хулосага келди. Айни пайтда муҳожирлар жуда кўпчиликни ташкил қилиши, улар эмланмагани туфайли касалхоналарда жойларни эгаллаб ётгани ва уларнинг аксарияти эмланишга рози экани таъкидланди.

Муҳожирларни яқин икки ҳафта ичида эмланиш бошланиши мумкин.

Москва мэри учрашувда маълум қилишича, чет элдан келган меҳнат муҳожирлари бир компонентли «Спутник Лайт» вакцинаси билан эмланишни бошлайди, бу эса уларга вакцинанинг иккинчи компонентини киритиш учун уларнинг шаҳарда бўлиб туришини назорат қилиш эҳтиёжини истисно қилади. Бу жараён энг кечи билан 7 июлда бошланиши керак.

Айни вақтда Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазири Светлана Стригункова ҳудудий ҳукумат аъзолари билан мажбурий вакцинация мавзусидаги мажлисда «Спутник Лайт» муҳожирлар учун пуллик бўлишини таъкидлади.

Аммо ҳатто вақтинчалик мажбурий тиббий суғуртаси бўлган муҳожирлар ҳозирнинг ўзидаёқ бепул вакцина олиши мумкин, дея қўшиб қўйди вазир.