“Москвич М-412” автосида ноқонуний 122 млн сўмлик қўлқоп ва тамаки маҳсулотлари аниқланган

“Москвич М-412” автосида ноқонуний 122 млн сўмлик қўлқоп ва тамаки маҳсулотлари аниқланган

Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказишди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.А. бошқарувидаги “Москвич М-412” русумли автомашина тўхтатилиб белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада ушбу автомашинанинг тиркамасига яширилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва хорижда ишлаб чиқарилган, умумий қиймати 122 миллион сўмлик 3780 дона қўлқоплар ҳамда акциз маркалари билан маркаланмаган 2990 қути тамаки  маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.