Муротжон Азимов: «Қашқадарёда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қиламан»

Муротжон Азимов: «Қашқадарёда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қиламан»

Бугун вилоят ҳокимлигида бир қатор долзарб масалаларга доир йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш аввалида вилоят ҳокими Муротжон Азимов масалаларни қисқа ва лўнда айтишини, бошланган ҳафтани ярим кунини йиғилишга сарф этиш нияти йўқлигини айтди. 

- Ахборот берувчилар ҳам тез-тез фикрини айтсин. Ҳамма регламентга амал қилса, умримиз йиғилиш залларида ўтиб кетмайди, - деди вилоят ҳокими. 

Йиғилишда бюджет, ижтимоий соҳалар, маҳаллабай ишлаш ва ҳоким ёрдамчилари ҳамда етакчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ўртага ташланганда вилоят ҳокими «Президентимиз айтганларидек, биз ҳоким ёрдамчиларига ва етакчиларга кўмакчимиз, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш керак», дея таъкидлади. 

Шунингдек, йиғилишда коррупцияга қарши кураш, корхона ва ташкилотларда соғлом муҳитни шакллантириш масалаларига ҳам навбат берилди. 

- Бугундан вилоятда коррупцияга қарши муросасиз кураш бошланганини эълон қилмоқчиман, - деди Муротжон Азимов. - Энди ишхонамиз шаъни деб яшириб ўтиришни йиғиштиради ҳамма ташкилотлар. Ташкилот ёки ҳокимлик шаънини эмас, давлатимиз шаъни ва ривожланиши ўйласак, яхши бўлар эди. Мана Миришкор тумани ҳокимининг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари У.Яхшиев ер масалалари ҳокимликдан кетган бўлсада, фуқаронинг ишончига кириб, 80 000 АҚШ долларининг 50 000ни олаётганда қўлга тушган. Бу ишда туман ҳокимини ҳам оқламайман. Ижтимой тармоқларни ўқидингизми Ш.Санаев "балиқ бошидан" деган гаплар чиқаяпти. Афсуски, бу гапларда жон бор. Сиз тажрибали ва ҳалол ҳокимсиз. Ходимларингизни ҳам назорат қилинг, қаттиқ ушланг, қонун устивор бўлиши керак сиз раҳбар бўлган жойда. Миришкорга борганимда нуронийлар йўлимга чиқиб, туман марказига ичимлик суви олиб келинг, деганди. Шу ишлар билан шуғилланмасдан фақат ўзини ўйлайдиган, тез бойишни ўйлайдиган жамоа йиғилганми ҳокимликда? 

Президентимиз бот-бот «афсуски, жамиятимизда корруция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди», дея таъкидлайдилар. 

Президентимиз топшириқларини ижроси бажармаган, эътиборсиз қараган ҳар қандай раҳбар вазифасидан озод этилади.