“Музейлар тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритилмоқда

“Музейлар тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритилмоқда

Тегишли ҳужжат президент Ш.Мирзиёев томонидан имзоланди. Унга кўра:

➖ музейларга уларни ташкил этиш мақсадларига мос бўлган фаолият турларини ўз таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширишига рухсат берилмоқда. Бунда, музейлар музей ашёларининг бут сақланишини таъминлайди;

➖ давлат музейларига пулли хизматлар кўрсатишдан, хайриялардан ва бошқа манбалардан келиб тушадиган маблағлар келгуси йил учун бюджетдан молиялаштириш ҳажмини белгилашда ҳисобга олинмаслиги ва ушбу маблағлар ҳисобига бюджетдан молиялаштириш миқдори камайтирилмаслиги белгиланмоқда.

Шунингдек, бунда кўрсатилган маблағлардан давлат музейларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мақсадлар учун фойдаланилади.

Таъкидлаш жоиз, амалдаги “Музейлар тўғрисида”ги Қонунда (2008 йил) музейлар нотижорат маданият муассасаси эканлиги белгиланган. Бу ўз навбатида, музейларнинг пулли хизматлар кўрсатиши ва бошқа тижорат фаолиятини амалга оширишига таъсир кўрсатаётган эди.

Маълумот учун, ҳозирда 124 та музей фаолият олиб бормоқда, шундан 116 таси давлат ва 8 таси нодавлат музей ҳисобланади.