«Namangan new city» барпо этилади – Президент қарори лойиҳаси

«Namangan new city» барпо этилади – Президент қарори лойиҳаси

Наманган шаҳрида «Namangan new city» замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази барпо этилади. Президентнинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Ҳужжатга кўра, Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманининг «Юксалиш» МФЙ ҳамда Тўрақўрғон туманининг «Еттикон» ва «Паросмон» маҳаллаларига туташ ҳудудларда самарасиз фойдаланилаётган объектлар ва ер майдонлари эгаллаган жами 558,0 гектар ер майдонида «Namangan new city» замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази барпо қилинади.

Шунингдек, Наманган вилояти ҳокимлиги ҳузурида Мажмуа ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун давлат унитар корхонаси шаклидаги «Namangan new city» ишбилармонлик марказини қуриш ва эксплуатация қилиш дирекцияси ҳам ташкил этилади.

Дирекция Наманган шаҳри А.Хўжаев кўчаси, 38-уй манзилидаги Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази жойлашган бинонинг 4-қаватида бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилиши белгиланган.

Қайд этилишича, мажмуани барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда унинг ҳудудида халқаро конференция ва форумлар ўтказиш мажмуалари, кинотеатр, театр, кутубхона, бизнес маркази, меҳмонхоналар, банклар, офислар, савдо комплекслари, спорт-соғломлаштириш объектлари, турар жой бинолари ва бошқа замонавий объектларни жойлаштиришга устуворлик берилади.