Наманган шаҳри таркибида яна бир янги туман ташкил этилмоқда

Наманган шаҳри таркибида яна бир янги туман ташкил этилмоқда

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш масаласини палатанинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритишни кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоиз, Наманган шаҳри 1926 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг аҳолиси 640,1 минг нафарни, умумий ер майдони 18 минг гектарни ташкил этади. 2019 йилда Чортоқ ва Наманган туманларидан 57 минг нафар аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудлар ҳамда 6,3 минг гектар ер майдонлари қўшилганлиги сабабли, ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг шаҳар марказига қатновида муаммолар юзага келаётган эди.

Шунингдек, хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасалари шаҳар марказидан 15-20 км узоқликда жойлашганлиги, саноат корхоналарининг камлиги ушбу ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида аҳоли учун ижтимоий ва маиший қулайликлар яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳар бўйсунувида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини киритган эди.

Ушбу таклиф халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ҳамда Наманган вилояти Кенгашининг қарорлари билан маъқулланган.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ, Наманган шаҳрида жойлашган 79 та маҳалладан 24 таси, 70 та мактабгача таълим муассасасидан 40 таси, 85 та умумтаълим мактабидан 21 таси, 6 та оилавий поликлиникадан 2 таси ва 52 та касалхонанинг 12 таси Янги Наманган тумани таркибига ўтказилмоқда.

Янги туман ташкил қилиниши билан саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш бўйича янги туман ҳудудида 16 та саноат корхоналари ва 4 та кичик саноат зонаси барпо этилади. Ташкил этилаётган кичик саноат зоналарида 245 млрд. сўмлик 62 та лойиҳада 2600 та янги иш ўринлари яратиш белгиланмоқда.

Парламент қуйи палатаси Кенгаши қарорига биноан ушбу масала Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиладиган бўлди.