Наманганда мактабга ҳижобда қатнаётган қизлар билан профилактик суҳбат ўтказилди

Наманганда мактабга ҳижобда қатнаётган қизлар билан профилактик суҳбат ўтказилди

Ҳижоб ўраган ўқувчи қизларнинг ИИБ ходими қаршисида тургани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Наманган вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.  

Билдирилишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб маъмурияти туман ИИБга алоқа хатини юборган. 

Унда мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда эса 10 нафар қизлар белгиланган тартибдаги мактаб формасини кийиб юриш қоидаларига риоя қилмаётгани баён қилинган. 

Туман ИИБ катта инспектори 10 апрель куни ушбу мактабда муҳокама йиғилишини ташкиллаштирган.

Унда алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилган ва уларга Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги 666-сонли қарори  тушунтирилган. 

Унда ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган.

“Суҳбат якунида ўқувчи қизларга мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари, ҳижобда эмас рўмол ўрашлари мумкинлиги, бунга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаслиги тушунтириб ўтилган”, - дейилган хабарда