МИБ томонидан 20 минг долларга яқин қалбаки пуллар ёқиб юборилди

МИБ томонидан 20 минг долларга яқин қалбаки пуллар ёқиб юборилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан журналистлар ва блогерлар иштирокида ташкиллаштирилган пресс-турда Бюронинг Наманган шаҳар бўлимида жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2021 йил 4 октябрдаги ижро варақасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган қалбаки 19 минг 500 АҚШ доллари йўқ қилинди — бу ҳақда 'UzA' мухбири хабар бермоқда.

Хабар қилинишича, вилоят марказида яшовчи Насимжон Пахритдинов қирғизистонлик фуқаро билан тил бириктириб, ўзидаги қалбаки пулларни ҳақиқий қийматдаги 12 минг доллар пул купюраларига алмаштиришга келишади. Қалбаки пулларга харидор ҳам топиб қўйилганди. Ушбу жиноий “тўда” Косонсой туманида сохта пулларни ҳақиқийсига алмаштираётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар устида қўлга олинган.

Суриштирувлар чоғида гуруҳ олдин ҳам худди шундай ноқонуний хатти-ҳаракатга қўл ургани ва 6 минг 800 қалбаки долларни 4 минг ҳақиқий долларга алмаштириб, пул ўтказмалари орқали хорижга чиқариб юборгани аниқланди.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида МИБ идоралари томонидан суд органларидан келган тегишли тартибда йўқ қилиш билан боғлиқ 10 дан ортиқ ижро ҳужжати ижроси таъминланди. Биргина, қалбаки валюта билан боғлиқ 4 та ҳужжат доирасида умумий ҳисобда 46 минг 650 минг доллар қалбаки пуллар йўқ қилинган.

Шунингдек, Бюронинг Наманган тумани бўлими томонидан банк ундирувлари билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

МИБ Наманган вилояти бошқармасидан маълум қилишларича, шу йилнинг ўтган 11 ой давомида Бюронинг туман бўлими томонидан 158 та банк билан боғлиқ ҳужжат ижросини таъминлаш тадбирларида жами 12 миллиард 700 миллион сўмлик қарздорлик ундириб берилди.

– Бўлим иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судининг 2021 йил 15 декабрдаги ижро варақасига асосан қарздор "Toshbuloq export invest" хусусий корхонасидан ундирувчи Ташқи иқтисодий фаолият “Миллийбанк" Наманган вилояти филиали фойдасига 288 941 334 сўм миқдоридаги кредит қарз ва давлат фойдасига 11 557 653 сўм бож ундириш тўғрисидаги ижро иши мавжуд эди, – дейди МИБ Наманган туман бўлими давлат ижрочиси Одилжон Пўлатов. – Мазкур ижро ҳужжати юзасидан жорий йилнинг 16 декабрь куни ижро иши юритиш қўзғатилди ва қарздор корхонага қарор нусхаси топширилди.

Айтиш жоизки, шу куннинг ўзида мавжуд жами 300 498 987 сўм қарздор корхона томонидан нақд шаклда тўлов амалга оширилди. Бунинг натижасида Бюродаги ижро иши юритиш тамомланди.

Бу каби қарздорлик ундирувлари билан боғлиқ амалий чоралар давом эттирилмоқда.