Наманганда хитойлик шифокорлар калтакланиб, 200 млн сўм пули ўғирлаб кетилди

Наманганда хитойлик шифокорлар калтакланиб, 200 млн сўм пули ўғирлаб кетилди

Наманган шаҳрида 24 март куни номаълум шахслар «Пекин» тиббиёт маркази биносига бостириб кириб, муассаса шифокорлари ва таржимонини уриб, пул маблағларини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 03:40 да номаълум шахслар Наманган шаҳар Қадамжой маҳалласида жойлашган «Пекин» тиббиёт маркази биносига юзига ниқоб тақиб, бинонинг иккинчи қаватидаги ётоқхонада ухлаб ётган, шу марказда шифокор бўлиб ишловчи Хитой фуқаролари В.Й ва В.Ж. ҳамда ушбу марказда таржимон бўлиб ишловчи Й.У.ни уриб, қўл ва оёғини скотч билан боғлаган.

Кейинчалик улар ётоқхонадаги тумбочка қулфини бузиб, 10 000 доллар, 100 миллион сўм пул маблағлари ҳамда икки дона «Huawei» ва «RedMi 8» телефонларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳри бўйича Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 164-моддасини 4-қисми «а» банди (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи муқаддам судланган 31 ёшли Ж.К. бошчилигида 29 ёшли Х.К., 24 ёшли И.А., А.Қ. ҳамда Андижон вилоятида яшовчи 20 ёшли А.Х. содир этгани аниқланиб, процессуал тартибда ушланган. Уларнинг ёни кўздан кечирилганда жами 10 миллион 620 минг сўм пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Тергов ҳаракатлари жараёнида Андижон вилоятида яшовчи А.Х. муқаддам мазкур марказ шифокорлари яхши даромад қилаётганидан хабар топиб, бинонинг калитини ғайриқонуний равишда қўлга киритиб, бу ҳақда таниши Ж.К.га айтиб қизиқтиргани маълум бўлган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Маълумот ўрнида, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.